Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси хорижий ОАВни вазиятни бир тарафлама ёритишда айблади

Олам

Маълумки, Қозоғистоннинг турли ҳудудларида 2 январь куни бошланган намойишлар йирик қўпорувчилик ҳаракатларига айланиб кетди. Мамлакатда хавфсизлик ва сиёсий бошқарув издан чиқди. Кейинроқ, талатўплар КХШТ ва кучишлатар тузилмалар иштирокида бостирилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозиргача 10 мингдан ортиқ кишини қўлга олди. Улар орасида хорижий мамлакатлар, айниқса, қўшни давлат фуқаролари ҳам борлиги айтилмоқда. 

Бугун, 11 январь куни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг бўлиб ўтди. Унда QALAMPIR.UZ мухбири ҳам иштирок этди. Брифингда элчи Дархан Сатибалди сўз олиб, Қозоғистонда рўй берган воқеалар ва бугунги вазият хусусида гапирди. У шундай дейди: 

“Бугун мен Қозоғистонда содир бўлган фожиали воқеалар ҳақида фикр билдирмоқчиман. Айрим хориж оммавий ахборот воситалари хабарларни кузатар экан, Қозоғистондаги мавжуд вазиятни бирёқлама ёритмоқда. КХШТ кучларидан фойдаланиш ҳам, расмийларнинг содир бўлаётган воқеаларга муносабати ҳам нотўғри талқин қилинмоқда. 

Бўлиб ўтган воқеалар кўп қиррали эди. Соф иқтисодий талаблар билан бошланган намойишлар террорчи гуруҳлар томонидан мамлакат конституциявий тузумига путур етказиш учун фойдаланилган. 

2022 йил 2 январь куни Манғистау вилоятида суюлтирилган газнинг чакана нархлари литри учун ўртача 60 тенгедан 120 тенгега ошишига қарши намойишлар бошланди. 

Намойишчилар уларни аввалги даражага туширишни, қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишни талаб қилишди. 

Намойишлар тўлқини бошқа бир қатор шаҳарларга ҳам тарқалди. Қозоғистон Президенти газ нархи ошишига қарши митинглар вақтида фуқароларни провокацияларга берилмасликка чақирди. 

Акция иштирокчилари билан мулоқотни давом эттириш ва юзага келган муаммога ечим излаш учун Қозоғистон Президенти топшириғига кўра, Давлат комиссияси тузилиб, намойишчилар талабларини кўриб чиқиш бўйича Республика штаби тузилди. 

4 январь куни ҳукумат газ нархини 50 тенгега тушириш чораларини кўрди, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи-мойлаш материаллари ва коммунал хизматлар нархларини оширишга мораторий жорий қилди. 

Шунингдек, суюлтирилган газни улгуржи сотувчиларга нисбатан нарх-наво ўзаро тил бириктирганликда гумон қилиниб, тергов ҳаракатлари бошланган. 

5 январь куни давлат раҳбари Қозоғистон ҳукуматини истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолади. 

Бу ҳаракатлар аниқ сиёсий ирода ва келишмовчиликларни мулоқот орқали ҳал қилишга содиқлигини намойиш этди. 

Давлатимиз раҳбарининг жамоат тартибини сақлашга қаратилган бир неча бор чақирувларига қарамай, бир қатор йирик шаҳарлардаги норозилик намойишлари бузғунчи унсурлар томонидан вазиятни кескинлаштириш, зўравонлик ҳаракатларидан фойдаланилди. 

Шу муносабат билан Президент бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилишини эълон қилди. 

Бироқ кўрилган чораларга қарамай, зўравонликнинг янада кучайиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга очиқ қаршиликка айланди, маъмурий муассасалар, ички ишлар бўлимлари, тинч аҳоли, жумладан, тиббиёт ходимлари, ўт ўчирувчилар ва журналистларга оммавий қуролли ҳужумлар қилинди. 
 
Айтиш жоизки, агар дастлабки кунларда намойишларда ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий талаблар бўлган бўлса, кейинчалик тинч йўл билан ўтказилган намойиш ҳеч қандай тушунарли талаблар қўйилмаган ҳолда қуролли тўқнашувга айланиб кетди. Фавқулодда ҳолат талаблари инобатга олинмади. Тинч аҳоли учун тўғридан-тўғри таҳдид, шунингдек, стратегик объектларда қўпорувчилик таҳдиди яратилди. 

Энг қийин вазият Олмаота шаҳрида вужудга келди. 5 январь куни Олмаотада маъмурий ва ҳарбий объектларга ҳужумлар уюштирилган, аэропорт эгаллаб олинган, йўловчи ва юк самолётлари ушлаб турилган. Олмаота ички ишлар департаменти биноси атрофидаги жанг икки кеча давом этди. 

Мамлакатдаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини мамлакат президенти Қосим-Жомарт Кемалович Тўқаев эгаллади. 6 январь куни у мамлакатда миллий хавфсизликка таҳдидларни бартараф этиш ҳамда Қозоғистон фуқароларининг ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилишга қаратилган аксилтеррор операциясини бошлашга буйруқ берди. 

Вазият таҳлили шуни кўрсатдики, Қозоғистон яхши мувофиқлаштирилган террористик гуруҳлар томонидан қуролли тажовузга учраган, улар орасида хорижий жангчилар ҳам бор. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум қилганларнинг бир қисми радикал исломий гуруҳлар томонида “қайноқ нуқталар”да жанговар қатнашиш тажрибасига эга. 

Террорчилар ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари кийимларини кийиб, ўзларининг алоқа воситаларидан фойдаланганлар. Тартибсизликлар бир вақтнинг ўзида республиканинг 11 вилоятини қамраб олган, бу эса Олмаотада хавфсизлик чораларини кучайтиришга имкон бермаган. Террорчилар Қозоғистон пойтахтига зарба бериш учун ҳуқуқ-тартибот кучларини сиқиб чиқаришга умид қилишган. 

Вазиятни холисона баҳолаган давлат раҳбари Коллектив хавфсизлик шартномасининг 2 ва 4-моддаларига таянган ҳолда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатларга республикадаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмаклашиш учун тинчликпарвар кучларни юборишини сўраб мурожаат қилди. 

Тинчликпарвар кучларнинг мандати Нур-Султон, Олмаота вилоятидаги стратегик объектларни қўриқлашни ўз ичига олади. Террорчи гуруҳларга қарши ҳаракатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Қозоғистон Қуролли кучлари томонидан олиб борилмоқда. 

КХШТнинг коллектив кучлари вақтинча Қозоғистон ҳудудида бўлиб, вазият барқарорлашганидан кейин мамлакатни тарк этади. 

Афсуски, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар орасида ҳам, тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлари бор. Хавфсизлик кучларидан 16 киши ҳалок бўлди ва 1300 киши яраланди. Қурбонларнинг умумий сони аниқланмоқда. 

Бу биз, қурбонларнинг яқинлари ва бутун қозоқ халқи учун жуда катта фожиа”. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Нур-Султон қурбонлар Олмаота Қосим-Жомарт Тўқаев КХШТ

Баҳолаганлар

150

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made