Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош вилоятида атмосферага катта миқдорда метан сизиб чиқди

Бу қизиқ

image

2023 йилда Қозоғистоннинг Ўзбекистондан унча узоқ бўлмаган ҳудудидаги газ конларидан бирида атмосферага катта миқдорда метан сизиб чиққани аниқланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2023 йил 9 июнь куни Қозоғистон жануби-ғарбида жойлашган, Ўзбекистон билан чегарадош Манғистау вилоятидаги қудуқда бурғулаш ишлари пайтида портлаш содир бўлган ва бунинг оқибатида келиб чиққан ёнғин йил охиригача давом этган. Ёнғин 2023 йилнинг 25 декабрига келибгина назоратга олинган. Маҳаллий ҳукуматнинг BBC’га маълум қилишича, ҳозирда қудуқни цемент билан ёпиш ишлари олиб борилмоқда.

Тахминий хулосаларга кўра, олти ойдан ортиқ вақт давомида метан ёниши оқибатида 127 000 тонна газ атмосферага чиқиб кетган. АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, бундай миқдордаги метаннинг экологияга таъсири бензинда ҳаракатланувчи 717 000 дан ортиқ автомобилнинг бир йил давомида атмосферага етказган зарарига тенг.

Метан карбонат ангидридга қараганда анча кучли иссиқхона гази ҳисобланади. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, саноат инқилобидан кейин глобал ҳароратнинг 30 фоиз кўтарилишига метан сабаб бўлган.

Манғистау вилояти Экология бошқармаси ўз баёнотида 9 июндан 21 сентябргача бўлган даврда ҳаводаги метан концентрацияси 10 та алоҳида ҳолатда меъёрдан ошиб кетганини тасдиқлаган. Шунингдек, дастлабки портлашдан кейинги бир неча соат ичида ҳаводаги метан белгиланган миқдордан 50 баравар юқори бўлгани айтилган. Лекин қудуққа эгалик қилувчи “Бузачи нефть” компанияси “катта миқдорда” метан сизиб чиққанини рад этган.

Табиий газни инсон кўзи билан илғаш қийин, бироқ сунъий йўлдошлар қуёш нури метан булутидан ўтганда ҳосил бўлган ноёб изни суратга туширган.

Компания расмийларининг маълум қилишича, қудуқда фақат “арзимас” миқдорда газ бўлган. Ҳар қандай метан эса атмосферага сизиб чиқиши билан ёниб кетиши табиий. Шунингдек, улар атмосферада ҳосил бўлган булутни сув буғлари деб даъво қилган.

Аммо текширувда иштирок этган олимлар жамоаси компаниянинг бу каби иддаоларини рад этди:

"Биз сув буғи ёки тутуннинг потенциал таъсирини синаб кўрдик ва реакцияга киришиши давомида уларга тааллуқли бирон белгини топмадик", дейди Валенсия Политехника Университети профессори Луис Гуантер.

Атирау саноат хавфсизлиги қўмитаси бошчилигидаги авария сабабларини ўрганиш бўйича ўтказилган расмий текширувда “Бузачи нефть” компанияси қудуқни бурғулаш ишларини лозим даражада назорат қилмагани аниқланди. Шунингдек, бурғулаш жараёнида кўплаб носозликлар учун субпудратчи “Заман Энерго” ҳам айбланди. “Заман Энерго” эса бу воқеага изоҳ беришдан бош тортди.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги ўз баёнотида бу каби газ оқими билан курашиш “мураккаб техник операция” эканини ва “шунга ўхшаш аварияларни бартараф этишнинг универсал ечими йўқлигини” айтган.

Умуман олганда, бу Марказий Осиёда метаннинг атмосферага чиқишининг биринчи марта кузатилиши эмас. Қўшни Туркманистонда ҳам атмосферага катта миқдорда метан чиқиши ҳодисалари кузатилган. 

Аммо профессор Гуантернинг айтишича, Манғистау вилоятида содир бўлган воқеа алоҳида ажралиб туради:

“Бу инсон ҳаракати оқибатида юзага келган энг катта метан сизиб чиқиши ҳодисаси”, дейди у.

Моҳинур Маматова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қозоғистон Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг