Қозоғистоннинг ДХР ва ЛХРдаги референдумлар бўйича позицияси очиқланди
Олам
−
26 Сентябрь 2022
16814Қозоғистон Украинанинг суверенлиги ва яхлитлиги тарафдори. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров Украинанинг Донбасс минтақаси, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россияга қўшилиши бўйича ўтказилаётган референдумларга нисбатан расмий Остона қандай позицияда эканига изоҳ берди.
“Ўзини мустақил деб эълон қилган ЛХР ва ДХР ҳамда Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳарбий маъмуриятлари томонидан Россияга қўшилиш бўйича референдумлар ўтказилаётганига келсак, Қозоғистон давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, уларнинг суверен тенглиги ва тинч-тотув яшаш тамойилларидан келиб чиқади.
Президентимиз бир неча бор, жумладан, яқинда БМТ минбаридан туриб сўзлаган нутқида мазкур халқаро универсал ташкилот Низомига асосланадиган халқаро ҳуқуқ тамойилига собитқадамлик билан риоя қилиш муҳимлигини аниқ таъкидлади”, дейди Смадияров.
Унинг аниқлик киритишича, Низомда БМТга аъзо давлатларнинг тинчликни сақлаш ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш масъулияти назарда тутилган.
“Биз сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳам минтақавий, ҳам глобал миқёсда барқарорликни сақлашни энг муҳим вазифа деб билади”, дейди Смадияров.
Аввалроқ Қосим-Жомарт Тўқаев Владимир Путин билан учрашувда агар бутун дунёда миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ҳақиқатда ташкил этилса, ҳозирда БМТга аъзо бўлган 193 та давлат ўрнига 500-600 дан ортиқ давлат пайдо бўлишини айтганди.
“Шу сабабли биз Тайванни ҳам, Косовони ҳам, Жанубий Осетияни ҳам, Абхазияни ҳам тан олмаймиз. Кўриниб турибдики, бу тамойил бизнинг фикримизча, Луганск ва Донецк (вилояти – таҳр.) бўлган квазидавлат ҳудудларга ҳам татбиқ этилади”, деган Тўқаев.
Маълумот учун, 23 сентябрь куни Украинанинг Донецк (тан олинмаган ДХР), Луганск (тан олинмаган ЛХР), Херсон ва Запорожье вилоятларида россияпараст кучлар бошчилигада бир томонлама РФга қўшилиш бўйича референдумлар бошланди. Овоз бериш 27 сентябргача давом этади.
Тан олинмаган ДХР ва ЛХРда овоз бериш бюллетенида “республиканинг Россия Федерацияси таъсис субъекти сифатида Россия таркибига киришини” қўллаб-қувватлайдими ёки йўқми деган савол “овозга” қўйилган.
Запорожье ва Херсон вилоятларида эса “Сиз Украинадан ажралиб чиқиш, минтақанинг мустақил давлат ташкил этиши ва Россия Федерацияси таркибига кириши тарафдоримисиз?” деган савол “овоз”га қўйилган.
Украина ҳудудларида бир томонлама референдум ўтказилишига Ғарб давлатлари, ҳатто Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватламаган Туркия ҳам қоралади. Ғарб давлатлари Россияга қарши санкциялар киритилишини, НАТО эса Украинани қўллаб-қувватлаш кучайтирилишини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь