Қозоғистонлик машҳур футболчи ЙТҲда вафот этди (видео)
Спорт
−
21 Июль 2023
9749Қозоғистоннинг бир қанча футбол клубларида тўп тепган собиқ футболчи Алибек Ботирбеков бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Sports.kz хабар берди.
Манбага кўра, шу йилнинг 18 июль куни Олмаота – Толдиқўрғон автомобиль йўлида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Автоҳалокатда Toyota Prado автомобили темир панжарага бориб урилган. Машинада толдиқўрғонлик таниқли футболчи Алибек Ботирбеков бўлган.
“Ботирбеков бошқарувидаги автомобиль соат тахминан 18:20 да магистралнинг 109-километрида руль бошқарувини йўқотган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида футболчи Қўнаев шаҳридаги шифохонанинг реанимация бўлимига етказилган, бироқ оғир тан жароҳатлари туфайли вафот этган. ЙТҲда яна икки йўловчи жароҳатланган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ботирбеков 26 ёшда эди. У узоқ йил “Байтерек” ва “Жетису” футбол клубларида ўйнаган. У охирги йилларда болалар мураббийи сифатида фаолият юритаётган эди.