Қозоғистонлик қизиқчининг Россияга кириши 50 йилга тақиқланди
Олам
−
06 Февраль 4630 1 дақиқа
Бугун, 6 февраль куни қозоғистонлик қизиқчи Нурлан Сабуровга Россия Федерациясига кириш 50 йил муддатга тақиқланди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига таяниб, РИА Новости хабар берди.
Манбага кўра, Сабуров Внуково аэропортига борганидан сўнг унга Россияга кириш тақиқлангани ҳақида расмий ҳужжат топширилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг билдиришича, қизиқчи Россияда миграция ва солиқ қоидаларини бузган. Сабуров 2025 йил май ойида ҳам худди шу турдаги айбловлар билан Шереметево аэропортида қўлга олинган. Унга 5000 рубль миқдорида жарима солиниб, Россияни ихтиёрий равишда тарк этиш учун икки ҳафта вақт берилган.
Нурлан Сабуров – Россиядаги энг машҳур стендапчи комиклардан бири ҳисобланади. 2022 йил баҳорида Россиянинг Украинага босқинини қораламагани учун АҚШ ва Исроилда унинг концертлари бекор қилинган. 2025 йил охирига келиб Россияда ҳам қизиқчининг концертлари тақиқланган. Сабуров Россияда умумий қиймати 160 миллион рублдан ортиқ мулкка эгалик қилиши айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, у воситачилар орқали даромадларини яширишга уринган, бироқ санкциялардан чўчиб, Россия фуқаролигини олишдан бош тортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ўзбекистонликларга виза беришни тўхтатгани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси