Қозоғистондаги ЙТҲда 4 киши ёниб кул бўлди. Улардан бири ўзбекистонлик экани айтилмоқда (видео)

Олам

image

Қозоғистоннинг Атирау вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида ҳайдовчи ва уч нафар йўловчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Taspanews.kz” хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 октябрь куни соат тахминан 4:00 ларда Атирау-Уральск трассасида патруль-пост хизмати ходимлари Россия давлат рақамларига эга Daewoo Nexia русумли автомашинани йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун тўхтатган. Маъмурий баённома расмийлаштирилгандан сўнг, полиция ҳайдовчига тунги вақтда ҳайдаш хавфини эслатиб, эҳтиёткорликни кучайтиришга чақирган.

Орадан икки соат ўтиб, тахминан эрталаб соат 6:00да худди шу трассада фожиали ҳалокат юз берган. Daewoo Nexia русумли автомашинанинг 38 ёшли ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши бўлакка чиқиб кетган ва юк машинаси билан тўқнашган. Оқибатда ҳайдовчи ва унинг уч нафар йўловчиси воқеа жойида ёниб кетган.

“Зарба шу қадар кучли бўлганки, машина бир зумда аланга ичида қолган”, дейилади хабарда.

Полиция томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва фожианинг барча ҳолатларини аниқлаш бўйича ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бошқарувни йўқотиш сабаблари ҳозирча номаълум, аммо ҳайдовчининг чарчоғи асосий сабаблардан бири эканлиги тахмин қилинмоқда.

QALAMPIR.UZ'га келиб тушган маълумотларга кўра, ҳайдовчи 38 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлиб, Бухоро вилояти Бухоро шаҳридан. Айни пайтда марҳумнинг акаси унинг жасадини аниқлаш ҳамда уйига олиб кетиш учун Россиядан Қозоғистонга йўлга чиққан.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ Қозоғистон ўзбекистонлик ҳайдовчи Атирау вилояти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг