Қозоғистондаги йирик ЙТҲдан жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борми?
Олам
−
01 Февраль
5243Кеча, 31 январь куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Жуалин тумани, Нурликент қишлоғи яқинидаги “Ғарбий Европа-Ғарбий Хитой” автомобиль йўлининг 567 километрида 26 та автотранспорт воситалари иштирокида йирик йўл транспорт ҳодисаси содир бўлганди. Ушбу ЙТҲдан жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги аниқланди. Бу ҳақда мамлакатнинг Олмаотадаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Билдирилишича, Бош консулхона ходимлари мазкур ҳодиса юзасидан тезкор суриштирув ишларини олиб борган.
“Жамбил вилоятининг Фавқулодда вазиятлар департаменти берган маълумотига кўра, юқорида зикр этилган бахтсиз ҳодиса туфайли жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари мавжуд эмаслиги аниқланди”, дейилади Бош консулхона баёнотида.
Жамбил вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, ноқулай об-ҳаво шароити (муз, кўриш имконияти чеклангани, қор бўрони) туфайли 26 та транспорт воситаси – тўртта йўловчи автобуси, тўртта юк машинаси ва 18та енгил автомобиль тўқнашиб кетган.
“Жабрланган 25 нафар фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, улардан бири вояга етмаган бола. Унинг аҳволи ўртача. 4 нафар бемор реанимацияда. Беш киши жарроҳлик бўлимида, яна 15 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган”, дейилади вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.