Қозоғистондаги конда икки ишчи ҳалок бўлди
Олам
−
07 Октябрь
1777Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги “Саяк-3” конида углерод оксиди чиқиши оқибатида икки ишчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда конга эгалик қилувчи “Казахмыс” гуруҳи матбуот хизмати хабар берди.
“Ҳодисанинг ҳолатлари ва сабаблари аниқланмоқда, фожиали воқеани тергов қилиш учун махсус комиссия тузилди. “Казахмыс” компанияси раҳбарияти ва жамоаси ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамда чуқур ҳамдардлик билдиради. Уларнинг оилаларига барча зарур ёрдам кўрсатилади”, дейилади хабарда.
“Казахмыс” воқеа оқибатида жароҳатланганлар қанча эканига аниқлик киритмасдан, шифохоналарга юборилганини қайд этди. Айни пайтда Қарағанда вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси “Казинформ” агентлигига учинчи кончи қаттиқ заҳарлангани ҳақида хабар берди. Ҳозир у Балхаш шаҳридаги шифохонада.
“Kursiv.kz” хабарига кўра, вилоят полицияси ишчиларнинг ўлими юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (Тоғ-кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш) билан жиноий иш қўзғатган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўз навбатида, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги меҳнат инспекцияси бўлими ҳодисани текшириш бўйича комиссия тузилганини маълум қилди. Унга Қарағанда вилояти бўйича бош меҳнат инспектори раҳбарлик қилади.
“egov.kz” маълумотларига кўра, "Казахмыс Корпорацияси” МЧЖ Kazakhmys Copper компаниясининг эгаси бўлиб, унинг 100% акциялари Нидерландиянинг KCC B.V. холдинги томонидан назорат қилинади.
KASE’да эълон қилинган ҳисоботлар шуни кўрсатадики, якуний бенефициар KCC B.V. 70% акцияларга эгалик қилувчи Владимир Ким, яна 30% корпорация бошқарувининг собиқ раиси Эдуард Огайга тегишли.
Қозоғистонда тоғ-кон саноати корхоналарида кўпинча авариялар содир бўлиб, одамлар қурбон бўлади.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Қозоғистон компаниясига тегишли бўлган Жамбил вилоятидаги Жайсан конида авария оқибатида икки кончи ҳалок бўлган эди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси