Қозоғистонда йўл ҳаракати қоидасини бузган сигирлар “штрафплошадка”га қўйилди (видео)

Олам 5802
image

Қозоғистонда 14 та сигир автомобиль йўлига чиқиб кетгани учун Қарағанда вилоятидаги жарима майдончасига жойлаштирилди. Бу ҳақда “nur.kz” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳайвонлар автомобиллар ҳаракатига халақит қилгани етмаганидек, ўзидан чиқинди қолдириб йўлни ифлос қилган. Шу сабабдан полицияга шаҳар аҳолисидан шикоятлар келиб тушган. Натижада 14 та сигир “ҳибсга олинган”.

Чорва эгасига нисбатан Қозоғистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 408-моддаси (Қишлоқ ҳайвонларини боқиш қоидаларини бузиш) билан огоҳлантириш шаклидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилган.

Кейинчалик эса полиция бу биринчи марта содир бўлганини ҳисобга олиб, уни жарима билан жазоламасликка қарор қилган. Ҳайвонлар жарима майдончасида бир кун турган. Хабарга кўра, сигирлар ушлаб турилгани туфайли чорва эгаси ҳар бир ҳайвон учун 1000 тенге (тахминан 25 минг сўм) тўлаши керак.

Чорва эгасининг сўзларига кўра, у молларни шаҳарга атайлаб ҳайдамаган. У танишлари томонидан юборилган видеолавҳаларда сигирлари шаҳар бўйлаб сайр қилиб юрганини кўриб, дарҳол уларни излашга тушган. Шунингдек, у ҳайвонларни ўтлатиш учун яйловлари борлигини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг  апрель ойида Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлиб ўтганди. Ўшанда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига 6 минг бош қўй ҳайдаб келинганди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 122
Рейтинг: 2.9
t
×