Қозоғистонда йўқолган вертолёт экипажи аъзосининг жасади топилди (видео)
Олам
−
09 Август 11822 1 дақиқа
Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида бедарак йўқолган вертолётнинг бир қисми ва бир экипаж аъзосининг жасади топилди. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Мутахассислар сунъий йўлдош маълумотлари ва математик ҳисоб-китоблардан фойдаланиб, вертолёт қулаган ҳудудни аниқлаган. Шундан сўнг, махсус техника ва қидирув гуруҳлари ўша жойга йўналтирилган. Сувости ишларида ҳарбий хизматчилар тахминан 14 метр чуқурликда вертолётнинг парчаси ва жасадни топган. Ҳозирда жасаднинг шахсини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Вазирликка кўра, ҳодиса юз берган илк соатлардан бери қидирув-қутқарув операцияси узлуксиз олиб борилмоқда. Ишлар сув остида кўриниш ёмонлиги ва лойқа қатламлари туфайли қийинлашган, аммо барча кучлар тезроқ якунлаш учун мақсадли ҳаракат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 июль куни Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида бортида уч нафар экипаж аъзоси бўлган EC-145 ҳарбий вертолёти радарлардан йўқолиб қолганди. 26 июль куни вертолётнинг айрим қисмлари топилган, бироқ экипаж аъзоларини қидириш давом этётганди.
Қидирув ишларига 330 нафардан ортиқ ҳарбий ва мутахассис, 59 та автомобиль техникаси, 23 та сувда ҳаракатланувчи восита, 12 та учувчисиз учиш аппарати, махсус ускуналар ва хизмат итлари жалб қилинганди.
Live
Барчаси