Қозоғистонда тошқин бошланганидан бери 117 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди

Олам

image

Қозоғистонда тошқин бошланганидан бери 117 мингга яқин одам эвакуация қилинди. Бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Тошқин бошланганидан буён 117 142 киши қутқарилди ва эвакуация қилинди, улардан 40 833 нафари болалар. Шунингдек, 113 852 бош қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари ҳам хавфсиз жойга кўчириб ўтказилди. Дарёлар ва сув ҳавзаларида сув тошқини билан боғлиқ вазият ҳаводан кўздан кечирилмоқда ва дронлардан фойдаланган ҳолда кузатилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида. 

Қайд этилишича, бугунги кунга қадар 17 547 киши ўз уйига қайтарилган, 6932 нафар фуқаро эса вақтинчалик жойлаштириш марказларида қолишда давом этмоқда, шундан 3111 нафари болалардир.

Қўшимча қилинишича, Ақмола, Ақтўбе, Қўстанай, Атирау ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида 3873 та турар-жой бинолари ва 2502 та ҳовли-жойлардан сув чекинган. Бироқ 5677 та хусусий турар-жой биноси ва 1326 та ҳовли ҳудуди ҳамон сув остида қолмоқда.

Март ойида бошланган сув тошқинлари туфайли Қозоғистоннинг саккизта вилоятида маҳаллий фавқулодда вазият сақланиб қолмоқда. Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сув тошқинларини республикадаги сўнгги 80 йилдаги энг йирик иқлим офати, деб атаган эди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тўқаев сув тошқини сабабли июнь ойида бўлиб ўтадиган Остона халқаро форумини бекор қилганди. Шунингдек, у катта миқёсдаги сув тошқинлари муносабати билан давлат маблағларини тежаш режимини жорий этиш ва уларни кенг тарқалган табиий офатдан жабр кўрганларга ёрдам беришга йўналтиришга қарор қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон сув тошқини

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг