Тўқаев йирик сув тошқинлари туфайли Остона халқаро форумини бекор қилди
Олам
−
13 Апрель
3729Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда “мисли кўрилмаган сув тошқини” сабабли июнь ойида бўлиб ўтадиган Остона халқаро форумини бекор қилди. Бу ҳақда у Х’даги саҳифасида маълум қилди.
“Қозоғистонда мисли кўрилмаган сув тошқини ва кенг кўламли вайронагарчилик оқибатларини бартараф этиш ҳамда мамлакат фуқароларига ёрдам кўрсатиш учун молиявий ресурсларни тежаш зарурати туфайли шу йилнинг 13-14 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Остона халқаро форумини бекор қилишга қарор қилдим”, деб ёзди Тўқаев.
Унинг сўзларига кўра, форум 2025 йилда ўз ишини давом эттиради.
“Умид қиламанки, тадбирга таклиф этилган иштирокчилар ушбу қарорни тўғри тушунади”, дейди Тўқаев.
Маълумот учун, 13-14 июнь кунлари республика пойтахтида Қозоғистон Президенти раислигида Остона халқаро форуми ўтиши керак эди. Иштирокчилар тўртта асосий йўналишга эътибор қаратишлари кутилган эди: ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик, халқаро тараққиёт ва барқарорлик, энергетика ва иқлим ўзгариши, иқтисодиёт ва молия.
Эслатиб ўтамиз, март ойида бошланган сув тошқинлари сабабли ҳозирда Қозоғистоннинг Россия Федерацияси билан чегарадош бир қанча вилоятларида маҳаллий фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Тўқаев сув тошқинларини республикадаги сўнгги 80 йилдаги энг йирик иқлим ҳалокати деб атаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь