Қозоғистонда “Толибон” элчихонаси очилади

Олам

image

Афғонистоннинг Остонадаги дипломатик миссияси “Толибон” томонидан тузилган таркибда ўз фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда бугун, 17 апрель куни “Толибон” ҳукумати Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари мулла Абдул-Ғани Бародарга таяниб, “TOLOnews” хабар берди.

Айтилишича, Қозоғистон Бош вазир ўринбосари Серик Жумангариннинг Қобулга ташрифи чоғида “Толибон” вакиллари Афғонистоннинг Остонадаги элчихонаси биносини ўзларига топширишни сўраган. Мулла Абдул-Ғани Бародарнинг маълум қилишича, Қозоғистон “Толибон” томонидан элчихонада ишлаш учун юборилган дипломатларни қабул қилишга ваъда берган.

Шунингдек, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров Остона "Толибон" вакилларига аккредитация беришини айтган. У Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Қозоғистон Афғонистонни ҳозирги қийинчиликлар билан ёлғиз қолдирмаслиги ҳақидаги фикрларини эслатган. 

Бундан ташқари, Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати Афғонистонда Қозоғистон савдо уйи очилишини, унинг бош офиси мамлакат ғарбидаги Ҳиротда жойлашганини маълум қилган. Савдо уйи очилиши Қобулда бўлиб ўтган Қозоғистон-Афғонистон бизнес-форумида эълон қилинган. Унда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин ҳамда озиқ-овқат саноати (ун, макарон, қандолат, ичимликлар ва сут маҳсулотлари)дан 18 нафар қозоғистонлик тадбиркор-экспортчилар иштирок этган. 

Маълумот учун, “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганига бир ярим йилдан ошган бўлсада, уларнинг ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган. Бироқ Афғонистоннинг Россия, Хитой, Туркманистон, Эрон ва Покистондаги элчихоналари “Толибон” назоратига ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Қозоғистон Толибон Остона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг