Қозоғистонда одамлар ўзи хоҳлаган тилида гапиради – Тўқаев

Олам

image

Қозоғистонда шахсий мулоқотда ва оммавий чиқишлар жараёнида одамларни қайсидир тилда гапиришга мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 24 апрель куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистон халқ ассамблеяси сессиясида cўз очди. 

Президентга кўра, энди мамлакат ичидаги тил борасидаги мавзуга тўлақонли чек қўйилади ва қоидани бузганлар қонуний равишда жазоланади.

“Жамиятимизда ихтилоф чиқариш, мамлакат ичидаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида бу мавзудаги барча иғвогарона ҳаракатларга чек қўйилади ва қонун билан жазоланади. Провокаторлар ҳақида гапирганда, мен нафақат “ақлдан озганлар”ни, балки чет элдан буюртма асосида, хорижий ташкилотлар маблағлари ҳисобига бузғунчилик фаолияти билан шуғулланувчиларни ҳам назарда тутяпман”, дейди Тўқаев.

Президент жамиятни парчалаш ва бўлиб ташлаш учун ишлаётганларга қонун бутун қатъийлиги билан жавоб бериши, ноқонуний ҳаракат қилганлар жазога тортилиши ҳақида огоҳлантирган.

Унинг таъкидлашича, бирлик ва ҳамжиҳатлик йўлида меҳнат қилган фуқаролар ҳамиша алоҳида эъзозда бўлади.

“Донни пўчоқдан, конструктив танқидни ёппасига танқиддан, беозор пародияни жирканч ҳақоратлардан ажрата билиш муҳим. Қонун олдида ҳамма тенг. Шунинг учун биз мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва тинчликка рахна солишга қаратилган ҳар қандай иғвогарлик ва фитналарга, ким томонидан бўлмасин, чек қўйдик ва қатъий чек қўямиз. Шуни таъкидлаш керакки, айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, блогерлар ва журналистлар ўзларини сўз эркинлиги тарафдорлари сифатида кўрсатиб, Қозоғистонда ҳамма жойда ва ҳамма нарсада салбий сиёсий ниқоб қидиришга ҳаракат қилмоқда, улар кенг равишда провокациялар уюштирмоқда. Бу чет элга кетган ва у ердан халқимизга қарши ҳақ тўланадиган ҳужумлар уюштираётган, ҳатто давлат органларимизни шантаж қилишга уринаётган собиқ Қозоғистон фуқароларига ҳам тегишли. Бугунги кунда кўпчилик учун сир эмаски, улар бу билан ўзларига ажратилган чет эл маблағларини шунчаки ўзлаштирмоқда. Улар демократия деб, қисқа қилиб айтиладиган бўлса, чет эл пулига ҳаракат қилмоқда. Шуни яхши англаб олиш керакки, хорижда мамлакатимиз фаровонлиги, жумладан, демократиянинг ривожланиши ҳеч кимни ташвишга солмайди”, дея айтиб ўтган Қозоғистон раҳбари.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда ҳеч қачон одамларни миллати, тили ёки динига қараб камситиш бўлмаган. Барча фуқароларга тенг имкониятлар берилган.

“Ҳақиқий адолат мана шунда, бу адолатли давлатнинг асосий тамойили саналади. Яна бир бор такрорламоқчиман: бирдамлик ва тинчлик бизнинг асосий қадриятларимиздан биридир. Бу давлат сиёсатининг асосий тамойили бўлиб, биз унга келажакда ҳам амал қиламиз. Айнан шу стратегия туфайли турли миллат вакиллари бир оила фарзандларидек, барча учун умумий бўлган уйда дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқда. Бу ютуқ чуқур маънога эга”, деган давлат раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг