Қозоғистонда мол гўшти экспортига чеклов қўйилди
Олам
−
17 Декабрь 2222 2 дақиқа
Қозоғистонда жорий йилнинг 31 декабригача мол гўшти экспортига квота жорий этилди. Бу ҳақда “Tengri News” хабар берди.
Чекловлар янги, совутилган ва музлатилган қорамол гўштига тааллуқли бўлиб, умумий квота ҳажми 13 минг тоннани ташкил этади. Ушбу қоидалар Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига ҳам, учинчи давлатларга ҳам гўшт олиб чиқишда амал қилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида квоталар жорий этилиши ва экспорт устидан назорат ички бозорда гўшт танқислигининг олдини олиш ҳамда мол гўшти нархларини барқарорлаштириш учун зарур чора экани айтилди. Вазирлик маълумотига кўра, бу чоралар бозор рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмайди. Вазирликнинг таъкидлашича, жорий этилган ёндашув рақобатни чеклашга қаратилмаган, аксинча, тўлиқ ишлаб чиқариш циклига асосланган, шаффоф ва масъулиятли мол гўшти етиштириш моделини яратишни мақсад қилган.
Шунингдек, вазирлик янги қоидалар кичик сўйиш цехларининг чорвани қўшни мамлакатларга қайта сотишига йўл қўймаслигини билдирган. Аввал айрим компаниялар ҳайвонларни сотиб олиб, боқмасдан, жумладан, Ўзбекистонга ҳам экспорт қилган. Вазирликка кўра, бу ҳолат бозорни бузиб, мамлакат ичида мол гўшти нархларининг ошишига олиб келган.
Вазирликнинг қайд этишича, квоталаш экспорт билан шуғулланувчи, лекин чорва етиштириш ва боқиш билан банд бўлмаган воситачиларни бозордан чиқаришга қаратилган. Бундай фаолият мол гўшти нархининг асоссиз ошишига сабаб бўлади ва соҳанинг ривожланишига хизмат қилмайди.
Бундан ташқари, вазирлик аграр соҳа мутахассислари учун субсидиялар кўзда тутилганини ҳам маълум қилган. Давлат наслли чорва сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплайди. Хусусан, маҳаллий келиб чиқишга эга ҳар бир бош учун 260 минг тенге (6 млн 58 минг сўм), МДҲ ва Украина давлатларидан импорт қилинган чорва учун 390 минг тенге (9 млн 87 минг сўм), Европа, Америка ва Австралиядан олиб келинган чорва учун эса 525 минг тенге (12 млн 232 минг 500 сўм) тўланади.
Маълумот учун, жорий йилнинг сентябрь ойида Қозоғистонда мол гўшти нархлари кескин ошиб, дўконларда бир килограмм гўшт 5-6 минг тенге (140 минг сўмгача) атрофида сотилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг сентябрь ойида дунё бўйлаб мол гўштининг бир килограмм ўртача нархи 6,9 долларга (83 629,38 сўм) етгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси