Қозоғистонда МиГ-31 қирувчи самолёти ҳалокатга учради
Олам
−
17 Апрель 2020
7006Кеча, 16 апрель куни Қозоғистоннинг Қорағанда шаҳри яқинида режали парвозни амалга ошираётган МиГ-31 қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Самолёт Қозоғистон Қуролли кучларига тегишли бўлган. Бу ҳақда "Tengrinews" хабар берди.
Парвоз бошланганда самолётнинг моторларидан бири ёна бошлаган. Учувчилар қирувчини аҳоли яшаш пунктидан олиб кетган ва самолётдан сакраган. Уларни шифохонага ётқизишган. Шифокорлар учувчилардан бирининг аҳволини қониқарли, иккинчисини ўрта даражада оғир деб баҳоляпти.
Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳалокатга учраган қирувчини подполковник даражасидаги тажрибали учувчилар бошқарган. Уларнинг умумий парвоз вақти 1161 ва 888 соатга тенг бўлган. Ҳалокатга учраган МиГ 1991 йилда ишлаб чиқарилган. Ушбу авария Қозоғистонда МиГ-31 билан боғлиқ тўртинчи ҳолат бўлди.
Қозоғистон Мудофаа вазирлиги комиссияси МиГ-31 қирувчиси ҳалокати бўйича текширув бошлади.