Қозоғистонда мансабдор йиғилиш вақтида қўлга олинди (видео)
Олам
−
06 Февраль
14464Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри Уй-жой бошқармаси бошлиғи Азат Мўминов тўғридан тўғри ҳокимликдаги йиғилиш вақтида қўлга олинди. Унинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан олиб кетилаётгани акс этган видеони шаҳар ҳокими Ғабит Сиздиқбеков ўзининг Instagram'даги саҳифасида эълон қилди.
Видеода Чимкент ҳокимининг йиғилиш олиб бориши ва ўз қўл остидагилар ўртасидаги коррупция ҳақида гапираётгани, ҳокимликда ҳалол одамлар ҳам, порахўрлар ҳам ишлаётганини айтганини кўриш мумкин.
Шундан сўнг, Коррупцияга қарши кураш хизмати ходимлари залга кириб келган ва шу ерда ўтирган Азат Мўминовнинг олдига келиб, тергов ҳаракатларини ўтказиш учун улар билан бирга боришини сўраган.
Мўминов Коррупцияга қарши кураш хизмати ходимлари билан бирга зални тарк этганидан сўнг, ҳоким мажлисни давом эттирди.
“Ҳамкасблар, нотўғри тушунманглар, бошқа чорам қолмади, ўзингиз ҳам биласиз, сиздан беш ойдан бери сўраяпман”, дейди Сиздиқбеков.
Чимкент Уй-жой бошқармаси расмий сайтидаги маълумотларга кўра, Азат Мўминов шаҳар уй-жой бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. У бу лавозимда 2022 йилнинг октябрь ойидан бери ишлаб келмоқда.
Мўминов бунгача Уй-жой бошқармасининг уй-жой фондини сақлаш ва ривожлантириш бўлимига раҳбарлик қилган. Ўтган йиллар давомида у Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими аппарати, Чимкент шаҳар давлат даромадлари бошқармаси, Йўловчи транспорти ва автомобиль йўллари бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Коррупцияга қарши кураш хизмати Мўминов бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб, 216 та тураржой биносининг сейсмик чидамлилигини технологик текшириш ишларини олиб бориш учун ажратилган бюджет маблағларини ўғирлаганликда гумон қилинаётганини маълум қилди. Дастлабки зарар миқдори 120 миллион тенгени (263 минг АҚШ доллари) ташкил қилади. Ҳозир амалдор вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида. Ҳолат юзасидан тергов давом этмоқда.