Қозоғистонда робот-ит намойиш этилди (видео)
Технология
−
25 Сентябрь 2023
4199“Казахстан инжиниринг” компанияси ҳудудни қўриқловчи робот-итни тақдим этди. Бу ҳақда “Gazeta.ru” хабар берди.
Ишлаб чиқувчиларнинг сўзларига кўра, Остонадаги “Иннопром” форумида намойиш этилган робот-ит Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб, Қозоғистонда унга камера, мегафон ва айланувчи чироқ ўрнатилган. Робот хавфсизлик функцияларини бажариши, вазиятни таҳлил қилиши ва етказиб бериш вазифаларини бажариши мумкин. Ақлли қўриқчи қозоғистонлик мутахассислар томонидан дастурланган.
Ишлаб чиқувчилар маҳсулотнинг нархи ва унинг оммавий сотувга қўйилиши ҳақида маълумот бермаган. Очиқ маълумотларга кўра, Unitree Go1 робот-ити қўшимча функцияларсиз Хитойда 2 минг 700 АҚШ долларига сотилади.
Форумда ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган граната билан жиҳозланган қора камуфляждаги шунга ўхшаш робот “М-81” номи билан намойиш этилди. Кўплаб нашрлар ушбу моделлар UnitreeRobotics (Хитой) компаниясининг хўжалик ишларига мўлжалланган робот-итларининг турли кўринишлари экани ҳақида ёзган.
Маълумот ўрнида, 2021 йилда AҚШ армияси ассоциациясининг йиллик конференциясида снайпер милтиғи билан қуролланган жанговар робот-итнинг прототипи намойиш этилганди.
Aмериканинг Ghost Robotics компаниясининг тўрт оёқли ихтироси “махсус мақсадли бошқарувчисиз милтиқ” (SPUR, Special Purpose Unmanned Rifle) билан жиҳозланган. Компания роботни “ҳарбийларнинг энг яхши дўсти” деб атаганди. Милтиқ ишлаб чиқарувчи SWORD International веб-сайтида айтилишича, қурол тўрт оёқли Ghost Robotics Vision-60 каби бошқарувчисиз платформалардан юқори аниқликда ўқ отиш учун яратилган.
Шундан сўнг, Россия ва Хитойда шунга ўхшаш моделлар тақдим этилганди. Бироқ мутахассислар бу каби робот-итлар Ghost Robotics компаниясининг маҳсулоти сингари мукаммал эмаслигини таъкидлашганди.
Акобир Сайидов