Қозоғистонда “Қонли январь” воқеаларидан кейин ўзбекистонлик йўқолиб қолди – ОАВ

Олам 10553
image

Қозоғистонга ишлаш учун кетган Ўзбекистон фуқароси қўшни давлатда январь ойида юз берган тартибсизликлардан кейин йўқолиб қолди. У сўнгги бор Олма-Отанинг “Олтин ўрда” бозорида кўринган. Бу ҳақда “Orda” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, қорақалпоғистонлик 44 ёшли Азат Жуманиёзов Қозоғистонга ишлаш учун кетган, бироқ январь воқеаларидан кейин қариндошлари у билан боғлана олмай қолган.

“Азатнинг хотини ҳар куни йиғлайди. Қўнғироқ қилади ва қидирув натижалари ҳақида сўрайди. Унинг беш ёшли қизи ҳам доимий равишда “дадам қаерда?”, деб сўрайди. Менимча, у майдонга чиқмаган. Чунки 5 январь куни Дўлан қишлоғи яқинида унинг телефони ўчиб қолган. Тартибсизликлар эса Олма-отада бўлиб ўтди. У ерга борган бўлиши мумкинми? Менимча, йўқ”, деган унинг акаси Нурлар Отаниёзов.

Азатнинг яқинлари унинг тириклигига умид қилишмоқда. Эркакнинг жасади ҳеч бир ўликхонадан топилмаган. Кўнгиллилар ихтиёрий равишда эркакни қидиришга киришган, аммо бу ҳеч қандай натижа бермаган. Азат Жуманиёзовнинг оиласи полицияга ёрдам сўраб мурожаат қилган.

“Ушбу факт Олатов туман ИИБда рўйхатга олинган. Қидирув иши қўзғатилди, махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилди, унинг ҳаракатлари бедарак йўқолган шахсни қидириш ва унинг турган жойини аниқлашга қаратилган”, деган Олмаота полиция департаменти расмий вакили Салтанат Азирбек.

Полиция Жуманиёзовни кўрганлардан унинг қаердалигини хабар қилишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари январь ойидаги тартибсизликлардан сўнг 19 нафар хорижлик фуқарога нисбатан тергов ҳаракатлари олиб бормоқда. Уларнинг 11 нафари Ўзбекистон фуқароси. 

Январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу воқеалар натижасида 230 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 262
Рейтинг: 3
t
×