Қозоғистонда АҚШ Савдо вазирлигининг веб-сайти блокланди

Олам

image

Қозоғистонда АҚШ Савдо вазирлиги саноат ва хавфсизлик бюросининг сайти блокланди. Бу ҳақда кеча, 3 сентябрь куни “Orda” хабар берди.

Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги эса сайт “қасддан ёлғон маълумот тарқатганлиги” учун блокланганини билдирган.

“21 та фишинг ресурслари, жумладан, bis.doc.gov сайти бўйича уларга киришни чеклаш тўғрисида тегишли буйруқ тайёрланиб, ижрога юборилди”, дейди вазирлик матбуот котиби Нурбек Амиша.

Шунингдек, у ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётгани ҳақидаги хабар тарқатаётган веб-сайтларга киришни чеклаётгани ҳақидаги иддаолар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган.

Нурбек Амиша қўшимча текширувдан сўнг сайтга кириш қайта тикланиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Маълумот учун, АҚШ Савдо вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси веб-сайтида “Kazakhstan” теги билан қидирув берилганда, АҚШ Молия вазирлигининг 27 апрелдаги ҳисоботини топиш мумкин. Унга кўра, Қозоғистонда АҚШ Савдо вазирлиги вакили иштирокида делегация ишлаган ва улар Россияга қарши санкцияларни таъминлаш чораларини муҳокама қилган.

“Россиянинг ҳарбий-саноат комплекси учун материалларни ноқонуний сотиб олишга бўлган саъй-ҳаракатлари кучайганлиги сабабли, делегациялар катта ташвиш туғдирадиган икки томонлама фойдаланиш оқимларини муҳокама қилди ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳаракатларининг кучайишига қарши ҳушёр бўлишга чақирди”, дейилади ҳисоботда.

Қозоғистон ваколатли органининг бюро веб-сайтини блокировка қилиш ҳақидаги буйруғи ҳам шу йилнинг 27 апрелида қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Қозоғистон Савдо вазирлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг