Қозоғистонда 9 май кунида юриш ўтказиш тақиқланди
Олам
−
28 Апрель
3527Қозоғистоннинг бир қанча шаҳарларида 9 май куни “Абадий полк” акциясини ўтказиш расман тақиқланди. Бу ҳақда “Ertenmedia.kz” хабар берди.
Маълум қилинишича, мамлакатнинг Олмаота, Павлодар ва Петропавловск ҳокимликлари Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган совет аскарлари хотирасига юришлар ўтказиш тўғрисидаги сўровни қаноатлантирмаган.
Хусусан, аҳолиси асосан русийзабон бўлган Павлодар ва Петропавловскда маҳаллий ҳокимият органлари хотира тадбирларини онлайн форматга ўтказишни таклиф қилган. Яъни, шаҳарлардаги LED экранларда уруш фахрийлари тасвирларини намойиш этиш режалаштирилган.
Маҳаллий ҳокимликлар рухсат этилмаган намойишлар ноқонуний йиғилиш деб тан олиниши ва унда қатнашганлар маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирган.
Маълумот учун, “Абадий полк” – дастлаб Россияда пайдо бўлган жамоат ташаббуси саналади. Унинг иштирокчилар 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида қатнашган қариндошларининг портретларини кўтариб кўчаларга чиқишади.
Сўнгги йилларда бу ҳаракат Россия расмийлари томонидан кенг тарғиб қилиниб, тарғибот рамзига айланди.
Бу йил Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида “Абадий полк” парадини ўтказиш режалаштирилмаган. Бироқ, расмий даражада 9 май куни Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган бир қатор тантанали тадбирлар ўтказилади.
Қозоғистон ҳукуматига кўра, айни пайтда мамлакатда 120 га яқин Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси қолган. Улар орасидаги энг ёши 96 ёшда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тожикистонлик ҳарбийлар Россиянинг Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган ҳарбий парадда иштирок этиши ҳақида хабар берилган эди. Тожикистондан ташқари, Қирғизистон ҳам ўз ҳарбийларининг парадда иштирок этишини тасдиқлаган. Қирғизистондан 80 нафар аскар Москвадаги парадга бориши белгиланган.
LiveБарчаси