Қозоғистонда ҳам TikTok’га қарши чора кўриш таклиф қилинди
Олам
−
16 Февраль
2448Қозоғистонлик депутат Алишер Сатвалдиев TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқларда салбий контентни тарқатишни чеклаш бўйича таклиф билан чиқди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу платформа фойдаланувчиларининг 75 фоизини 13 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шундан ўртача ҳисобда 4-5 ёшли болалар TikTok да кунига 1 ярим соат вақт сарфлаши аниқланди.
“ТikТоk вояга етмаганлар маълумотларини сақлагани учун жаримага тортилмоқда, баъзи давлатларнинг талабига кўра, 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун кунига бир соатлик чеклов киритиш бўйича янги функциялар жорий этилмоқда. 13 ёшгача бўлган болаларга 30 дақиқагача чеклов киритилган, бу ота-онанинг рухсати билан бир соатгача узайтирилиши мумкин. Айрим давлатлар ўз ҳудудларида бу платформани бутунлай блоклаб қўйган”, дейди депутат.
Унинг фикрича, TikTok бола ёки ўсмир руҳиятига зарар етказиши мумкин бўлган контентни кўрсатади.
“Кўтарилаётган масала ёш авлод тақдирига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, шошилинч чоралар кўриш зарур, деб ҳисоблаймиз. TikTok ва бошқа ижтимоий тармоқларда администрация томонидан миллий қонунчилик талабларига риоя қилиш ва вояга етмаганларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан текширувлар ўтказилиши муҳим. Аниқланган камчиликлар юзасидан халқаро тажриба асосида тегишли чоралар кўрилсин”, деб таъкидлайди у.
Маълумот учун, TikTok ижтимоий тармоғи Ўзбекистонда 2021 йилнинг ёзидан буён блокланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қирғизистон Маданият вазирлиги ҳам TikTok ижтимоий хизматини блоклашга қарор қилганди.
Жавоҳир Йўлдашов
LiveБарчаси