Қозоғистонда ҳам “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун қабул қилиниши мумкин

Олам

image
Грузияда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун кучга кирди north_east

Грузияда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун кучга кирди

Қозоғистонда Мажлиснинг (парламент) “Халқ партияси” фракцияси депутатлари “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда кеча, 12 февраль куни депутат Ирина Смирнова палатанинг ялпи мажлисида Бош вазир номига йўлланган депутатлик сўровида маълум қилди.

“Биз – Қозоғистон фуқаролари бизга тақдим этилаётган ахборот қаердан келаётганини тушунишимиз керак. Бу маълумот бизга мустақил журналистлар томонидан тақдим этиляптими ёки кимларгадир ҳақ тўланиб, берилган муайян кун тартиби асосида етказиляптими? Кўпинча, айнан иккинчиси содир бўлади. Баъзан бу кун тартиби бизнинг мамлакатимиз учун зарарли ва бузғунчилик характерига эга бўлади”, деди Ирина Смирнова.

У ўтган ялпи мажлисда депутатлар Қозоғистондаги USAID фаолияти бўйича ҳам сўров йўллаганини эслатиб ўтди.

Смирнованинг сўзларига кўра, Қозоғистонда тахминан 200 нодавлат ташкилот чет элдан молиялаштирилади, уларнинг 70 фоизи турли манбалар орқали АҚШдан маблағ олган. У дунёда шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган давлатлар бунга хорижий агентлар тўғрисидаги қонунларни қабул қилиш орқали қарши турганини қўшимча қилди.

Дунёдаги мисолларга тўхталар экан, Смирнова қуйидаги мамлакатларда хорижий агентлар тўғрисидаги қонун аллақачон кучга кирганини эслатди:

  • Исроилда – 2016 йилдан;

  • Хитойда – 2017 йилдан;

  • Австралияда – 2018 йилдан;

  • Бирлашган Қиролликда – 2023 йилдан;

  • Францияда – 2024 йилдан.

Депутат, шунингдек, АҚШнинг 1938 йилда қабул қилинган “Чет эл агентларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қонуни”ни намуна сифатида келтирган.

“Агар хорижий ННТлар ўз манфаатлари йўлида иш олиб борса, уларнинг таъсири бизга қимматга тушиши мумкин. Кўплаб ташкилотлар “соя зонаси”да йиллар давомида фаолият юритиб келмоқда. Ўйин қоидаларини қайта кўриб чиқиш ва хорижий донорлар фаолиятини тартибга солиш вақти келди”, деди депутат.

Ҳукумат расмий маълумотларига кўра, Қозоғистонда 165 хил донор грантлар ажратмоқда. Шундан 53 таси халқаро, 31 таси хорижий давлат ташкилотлари, 81 таси эса чет эл ва маҳаллий ННТлар.

Шунингдек, депутатнинг айтишича, маҳаллий ННТларга молиявий ва моддий-техник ёрдам бошқа хорижий тузилмалар ва элчихоналар томонидан ҳам кўрсатилади. Ушбу маблағлар асосан қуйидаги йўналишларга ажратилади:

  • ОАВ ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш;

  • ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш;

  • демократия ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш;

  • либерал ислоҳотларни илгари суриш;

  • бағрикенгликни ошириш ва фуқаролик фаоллигини рағбатлантириш.

Смирнованинг таъкидлашича, бу хорижий фондлар Қозоғистонга фойда келтиряптими ёки зарар етказяптими – ушбу саволга аниқ жавоб топиш керак.

“Бизнинг умумий мақсадимиз – суверенитетни мустаҳкамлаш. Биз хорижий қадриятларни бизга бағрикенглик сифатида тиқиштиришларига йўл қўймаймиз. Қозоғистонликлар аллақачон бағрикенглик бўйича дунёда етакчи экспертлардир. Ташвиқот эса ҳеч қачон мустақил журналистика ўрнини боса олмайди”, дея хулоса қилган депутат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сербияда ҳам “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун  ҳукуматпараст Социалистик ҳаракат депутатлари томонидан тақдим этилган эди. Ҳужжатдан келиб чиқадики, “хорижий манбалардан молиялаштириладиган сиёсат билан шуғулланаётган барча ташкилотлар ва шахслар рўйхатга олинади ва улар ҳар бир нашрда хорижий агент сифатидаги мақомини кўрсатиши шарт”. Қонунни бузганлик учун айрим фаолият турлари тақиқланади, жиноий жазо ёки 5 минг динордан (конвертация қилинган: 576 минг сўм) 2 миллион диноргача (230 млн сўм) жарима солинади.

Шунингдек, 2024 йил апрелда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам “Айрим қонун ҳужжатларига (“Нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонун ва Жиноят кодексига (хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси)” ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди. Қонун лойиҳасида Қирғизистонда ташкил этилган ва хорижий давлатлар, уларнинг давлат органлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар ва бошқалардан пул ва бошқа мол-мулк оладиган нотижорат ташкилотига ҳуқуқий мақом киритиш таклиф этилади.

Қонун лойиҳасига кўра, нотижорат ташкилотлар даромадлари, мол-мулки, харажатларининг ҳажми ва таркиби, ходимларнинг сони ва таркиби, уларга ҳақ тўлаш, фуқароларнинг текин меҳнатидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни сир сақлай олмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг