Қозоғистон жануби сув остида қолди (видео)

Олам 21951

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ва Чимкент шаҳрига кучли табиий офат ёпирилди. Тўхтовсиз ёмғир ёғиши натижасида, ҳудудларга кучли сел келди. Маҳаллий дарёлар ўзанидан тошқиб кетди.

Натижада Чимкентда бутун миттитуман эвакуация қилинди. Ўнлаб хонадонлар зарар кўрди. Шаҳар ҳокими кутилаётган офатдан огоҳлантирмагани учун амалдорларни жазолашга кўрсатма берган.

Туркистон вилоятида учта қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинган. Қўшни қишлоқлар ҳам хавф остида қолган. Синоптиклар яқин кунларда ёғингарчилик давом этишини башорат қиляпти.

Туркистон вилоятида кучли ёмғир ёғиши 13 май куни бошланиб, бир сутка давом этди. Бу вақт ичида бир ойлик ёғин тушди. Натижада Толебий туманидан оқиб ўтувчи Каскас дарёси ўзанидан тошиб кетди ва қишлоқларни сув боса бошлади.

“Афсуски, Лангер шаҳрида ва Толебий туманидаги қишлоқларда юзлаб хонадонларни сув босди. Сув даражаси 10 сантиметрдан юқори. 8 бош қорамол ҳалок бўлди. Ҳозир у ерда 150 дан кўп одам ишлаяпти. Учта қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинди”, дейди Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Сакен Калкаманов.

Тошқин вилоятнинг яна икки тумани – Қазиғурт ва Байдибекда ҳам кузатилган. 522 та хонадонни сув босган ва 258 киши эвакуация қилинган. Ҳудудда махсус штаб тузилиб, маҳаллий даражада фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

“Бошқа районларни ҳам сув босиш хавфи бор. Биз бунга йўл қўймаслик учун ҳамма ишни қиляпмиз. Бизнинг мутахассасилар қуёшли кунлар келмагунча шай ҳолатда бўлади. Зарурат туғилса, қўшимча ёрдам сўраймиз”, деган Туркистон вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти (ФВД) бошлиғи Бакитжан Запаров.

Арис дарёсининг суви ҳам кўтарилган. Сув кўприкни оқизиб кетган, шунинг учун Арис-Чимкент йўналиши ёпиб қўйилган. Чимкентнинг ўзи ҳам зарар кўрган. Сув Толебий туманидан Елтай миттитуманига келган. Маҳаллий аҳолини тезда эвакуация қилишга тўғри келди. 300 га яқин одам қариндошлариникига кетган, 6 нафари эвакуация пунктида қолган.

Чимкентда қутқарув ишларига ФВДнинг 57 нафар ходими ва 14 та техникаси жалб қилинган. Қутқарувчилар ариқларни очиб, баъзи жойлардаги сувни насос билан тортиб оляпти. Ҳозирча вазият барқарор. Аммо кучли ёмғир такрорланса, шаҳар яна сув остида қолиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 май куни Сирдарёдаги "Сардоба" сув омборининг ёрилиши натижасида, қўшни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтаарал туманида тошқин юз берганди. бир нечта қишлоқни сув босиб, одамларнинг уйини вафрон қилганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 330
Рейтинг: 3.1
t
×