Қозоғистон Тожикистонга нега ҳарбий ёрдам кўрсатмоқчи?

Олам 17111
image

Кеча, 7 июнь куни Қозоғистон Тожикистонга беғараз ҳарбий ёрдам кўрсатиши ҳамда ўқ-дори етказиб бериши ҳақида хабар берган эдик. 

Бугун, 8 июнь куни маълум қилинишича, ушбу жараён Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара можароси билан боғлиқ эмас, чунки ҳарбий ёрдам тўғрисидаги лойиҳа жорий йилнинг апрелидаги тожик-қирғиз чегара можаросидан олдин ишлаб чиқилган. Қозоғистон Тожикистонга ёрдам кўрсатганидан сўнг, Қирғизистонга ҳам ўқ-дори етказиб беради. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Вазирликнинг маълум қилишича, Қозоғистон шу йўл билан республикалар ўртасидаги чегара можароларини ривожланишига кўмаклашмоқчи эмас. Беғараз ҳарбий ёрдам тўғрисидаги келишувлар чегарада ҳарбий можаро бошланишидан аввалроқ, аниқроғи жорий йилнинг 17 апрель ва 2 март кунлари имзоланган.

“Ушбу келишувлар [АҚШ етакчилигидаги] халқаро коалиция мамлакатлари ҳарбий контингентининг Афғонистондан чиқарилиши режалаштирилгани муносабати билан имзоланган”, дейилади вазирлик хабарида.

Шу ўринда қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетяпти. Бу эса минтақадаги хавфсизлик масаласини кун тартибига кўтарди. Устига-устак Афғонистонда катта кучга эга бўлган “Толибон” ҳам фаоллашиб қолган.

Маълумот учун, Тожикистон Афғонистон билан умумий чегарага эга ва унинг узунлиги 1300 кмдан кўпроқни ташкил қилади. Афғонистондаги сиёсий вазиятнинг ўзгариши ортидан нафақат Қозоғистон, балки Россия ҳам Тожикистонни ҳарбий жиҳатдан қўллашини маълум қилган.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги вакилларининг сўзларига кўра, Тожикистон ва Қирғизистон икки ўртадаги чегара муаммосини ҳал қилиш ва вазиятни барқарорлаштириш бўйича келишувга эришгандан кейингина ўқ-дориларни олади.

Аввалроқ Тожикистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳарбий-техник ёрдам тўғрисидаги шартнома ратификация қилиш учун жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилганди. Ҳужжат икки мамлакатда тасдиқлангандан сўнг кучга киради.

Келишувга биноан, Қозоғистон Тожикистонга қуйидаги ҳарбий маҳсулотларни беришни режалаштирган:

•  5,45 миллиметрли ПС ўқли патронлар – 3миллион 240 дона;
•  23 миллиметрли патронлар – 20 минг 76 дона:
•  82 миллиметрли миномёт ўқлари – 10 минг дона.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Қозоғистонга жорий йилнинг июнь ва август ойларида “Бахри Точик” сув омборидан 315 миллион кубометр сув юборади. Бундай ҳажмдаги ресурснинг баҳоси тахминан 150 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Бироқ, Қозоғистон Тожикистоннинг чилла пайтида кўрсатадиган бу ёрдамига қандай қилиб миннатдорлик билдириши очиқланмаган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 563
Рейтинг: 2.9
t
×