Тожикистон Қозоғистонни чилла қурғоқчилигидан қутқармоқчи
Олам
−
02 Июнь 2021
15421Тожикистон Қозоғистонга “Бахри Точик” сув омборидан 315 миллион кубометр сув юборади. Бу ҳақда Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума ҳамда Қозоғистон экология вазири Магзум Мирзагалиев ўртасида бўлиб ўтган қўшма йиғилиш доирасида қабул қилинган қарорда сўз боради.
Маълум қилинишича, Тожикистондан Қозоғистонга сув юбориш июнь ва август ойлари орасида амалга оширилади. Бундай чора Қозоғистоннинг Туркистон ва Қизилўрда вилоятларида ҳосил ўсиши даврида сув етишмаслигининг олдини олишга имкон беради.
Қозоғистон томонидан вазир Мирзагалиевнинг таъкидлашича, Тожикистондан олинадиган сувдан ташқари, Қирғизистон томони ҳам республикага сув ресурслари билан ёрдам бермоқда. Қирғизистон сувни Тўқтогул сув омборидан йўналтиряпти.
Қозоғистон Экология вазирининг сўзларига кўра, Сирдарё дарёси ҳавзасида сув етишмаслиги сабабли Туркистон ва Қизилўрда вилоятларида ҳам сув тақчиллиги келиб чиққан.
Ўз навбатида, Қозоғистон “Бахри Точик”дан қўшимча фойдаланган тақдирда, Тожикистонни моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Лекин айнан қандай тарзда қўллаб-қувватлаши ҳақида маълумот йўқ. Шу ўринда қайд этиш керакки, ўтган 2020 йили Ўзбекистон ҳудди шундай шаклдаги сув ресурсидан қилинган ёрдам учун Тожикистонга 150 минг АҚШ доллар ажратган.
Эслатиб ўтамиз, май ойининг бошларида Марказий Осиё давлатлари 2021 йил учун Норин-Сирдарё сув омборлари сувидан фойдаланиш чегараларини ва ишлаш режимини тасдиқлади.
Маълумот учун, 1992 йилдан буён Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида “Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни биргаликда бошқариш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида” битим амал қилиб келмоқда.
LiveБарчаси