Қозоғистон шимоли одамларсиз қолиши мумкин – депутат
Олам
−
19 Октябрь
189622050 йилга бориб Қозоғистоннинг шимолий вилоятлари аҳолиси 20-25 фоизга камайиши мумкин. Бу ҳақда парламент аъзоси, депутат Бекбол Ўринбосаров “Казинформ” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Ўринбосаровнинг айтишича, Қозоғистоннинг шимолий вилоятлари аҳолиси кўчиб кетмоқда. Бу муаммони ҳал қилиш учун инфратузилмага, хусусан, электр энергияси, газ ва сув таъминотига сармоя киритиш зарур.
“Ҳар йили Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари аҳолисининг 1-2 фоизини йўқотади. Агар вазият ўзгармаса, 2050 йилда бу ҳудудлар аҳолисининг тўртдан бир қисмини йўқотиши мумкин”, дейди депутат.
Сенаторнинг қайд этишича, Президент қишлоқларни ривожлантириш дастурини жорий этишни таклиф қилган. Бу ҳам аҳолининг Шимолий Қозоғистон вилоятидан чиқиб кетиш тенденциясини тўхтатишга ёрдам бериши мумкин.
Унга кўра, шимолий вилоятларнинг кўплаб аҳолиси Россия ёки Қозоғистоннинг Олмаота, Остона ва Қарағанда каби йирик шаҳарларига кўчиб ўтмоқда. Бу эса демографик муаммоларни янада кучайтиради. Ўринбосаров, шунингдек, бозор иқтисодиётига ўтгандан сўнг, кўплаб қишлоқ аҳоли пунктлари “арвоҳ қишлоқ”га айланганини таъкидлаган.
Маълумот учун, 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра Қозоғистон аҳолиси 20 млн 33 минг 546 кишини ташкил қилган. Улардан 12 млн 451 минг 4 нафари шаҳар аҳолиси бўлса, 7 млн 582 минг 542 киши қишлоқларда яшайди. Ушбу давр ҳолатига кўра, қишлоқларда аҳоли сони ўсиши 0,3 фоизга тенгдир.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг январь-август ойларида Қозоғистон аҳолиси 168 минг кишига ёки 0,84 фоизга ўсиб, 1 сентябрь ҳолатига кўра, 20 миллион 201,8 минг кишига етди.
Остонадан кейин аҳоли сонининг республика даражасидан юқори ўсиш суръатлари фақат тўртта вилоятда – Олмаота (1,89 фоиз), Чимкент (1,79 фоиз), Манғистау (1,57 фоиз) ва Олмаота вилоятида (1,12 фоиз) кузатилган. Яна саккизта минтақада эса, аҳоли сони мамлакат ўртача кўрсаткичидан секинроқ ўсган. Январь-август ойларида аҳоли энг кўп Шимолий Қозоғистонда – 1,02 фоизга, шунингдек, Абай вилоятида – 0,42 фоизга камайган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь