Қозоғистон президентлигига номзод аёллар иккитага етди
Олам
−
11 Октябрь 2022
8848Ҳуқуқ ҳимоячиси Салтанат Турсинбекова Қозоғистон президентлигига номзод сифатида кўрсатилди. Бу ҳақда “Zakon” нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, Салтанат Турсинбекова фуқаролар, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарафдори. Айниқса, оиладаги зўравонликка қарши курашда фаол. Шунингдек, у “Оилавий зўравонликсиз Қозоғистон” лойиҳасининг раҳбари бўлган.
Президентликка номзод Турсинбекова ҳам ўзининг сайловолди дастури ҳақида қисқача тўхталиб ўтган. Унинг сайловолди дастурида иқтисодиёт, саноат, халқаро алоқалар, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорликни ривожлантириш, коррупцияга қарши кураш, зўравонликка қарши кураш, жиноятчиликни камайтириш келтирилган.
Аввалроқ, 8 октябрь куни Каракат Абден Марказий сайлов комиссиясига президентликка номзод бўлиш учун ҳужжатларни топширганди. 2-3 кун давомида улар талабларга мувофиқлиги текширилади.
Жамоат арбоби, Хотин-қизлар ишлари ва оилавий-демографик сиёсат бўйича миллий комиссия аъзоси Каракат Абден Қозоғистон Республикаси Президентлигига Профессионал ижтимоий ишчилар миллий альянсидан номзод сифатида кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси Халқ коалициясидан кўрсатилган республиканинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевни президентлик сайловида номзод сифатида рўйхатга олган.
Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари 20 ноябрга белгиланган. Қонунчиликка кўра, номзодлар республика жамоат бирлашмалари томонидан кўрсатилади. Ушбу тартиб 23 сентябрда бошланган ва 11 октябргача давом этади. Аризачиларни рўйхатга олиш 21 октябрда якунланади, сайловолди ташвиқоти 18 ноябргача давом этади. Сукунат куни 19 ноябрь бўлади.
LiveБарчаси