Қозоғистон Президенти янги иқтисодий курс эълон қилди
Олам
−
02 Сентябрь 2023
9038Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кеча, 1 сентябрь куни халқига “Адолатли Қозоғистоннинг иқтисодий курси” деб номланган мурожаатнома билан чиқди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари парламентда сўзлаган нутқида бўлажак таркибий иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаб берган.
“Ҳозирги босқичда энг муҳим вазифа – мамлакатнинг кучли саноат базасини шакллантириш ҳамда иқтисодий ўзини ўзи таъминлаш. Шунинг учун асосий эътибор ишлаб чиқариш соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилиши керак”, деган Тўқаев.
Президентнинг сўзларига кўра, металларни чуқур қайта ишлаш, нефть, газ ва кўмир кимёси, оғир машинасозлик, уранни конверсиялаш ва бойитиш, автомобиль бутловчи қисмлари ва ўғитлар ишлаб чиқариш каби соҳаларга эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, Тўқаев Қозоғистоннинг сайёҳлик салоҳиятидан фойдаланишни таклиф қилган.
“Янги саноат сиёсати орқали биз ривожланишнинг сифат жиҳатидан бошқача моделига ўтишимиз керак. Давлат йирик корхоналар билан биргаликда мамлакатдаги ишлаб чиқариш циклини “ёпиб қўйиши” керак. Бунинг учун ҳам тартибга солиш, ҳам рағбатлантириш механизмларидан фойдаланиш даркор. Ишлаб чиқариш саноати хомашёни етарли миқдорда ва мос нархларда олиши зарур”, дейди у.
Тўқаевнинг айтишича, ҳозир кўплаб давлатлар ички бозорни ҳимоя қилиш чораларини фаол қўлламоқда. Ривожланган мамлакатлар ҳам саноатнинг протекционистик сиёсатига ўтган. ЖСТ таснифига кўра, Қозоғистонда ички бозорни ҳимоя қилиш даражаси паст деб ҳисобланади.
“Шунинг учун бизга савдо сиёсатида янги, дадил ёндашувлар керак. Давлат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга мажбур. Бу бизнинг иқтисодиётимизни ташқи дунёдан ёпиш учун сигнал эмас: у очиқ қолиши керак, лекин миллий бизнес манфаатларини ҳам ҳисобга олиш лозим”, деб тушунтирган Президент.
Шунингдек, у ишлаб чиқариш саноатини қўллаб-қувватлаш учун хорижий ва қозоғистонлик инвесторларни дастлабки уч йил давомида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан озод қилиш керак, деб ҳисоблашини билдирган. Бундан ташқари, давлат раҳбари уч йил ичида агросаноат мажмуасида қайта ишлаш маҳсулотлари улушини 70 фоизга етказиш вазифасини қўйган. Бу қайта ишлашни рағбатлантирадиган солиқ сиёсатини қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Гўшт, сут ва ғаллани чуқур қайта ишлаш, саноат иссиқхоналарини ривожлантириш истиқболли йўналишлар саналади.
Қайд этилишича, Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти таркибида транспорт-логистика секторининг улуши яқин уч йилда камида 9 фоизга етиши керак. (2022 йилда - 6,2 фоиз). Президент Хитойдан Европа, Россия, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатларга товар айирбошлаш ҳажмининг жадал ўсиши кутилаётганини таъкидлаган. Транспорт-логистика соҳаси мамлакат иқтисодий ривожланишининг двигателларидан бирига айланиши керак.
Тўқаевнинг билдиришича, транспорт соҳасида Қозоғистон Россия ва Хитой билан ҳамкорликни давом эттиради. Жумладан, “Бахти” чорраҳасида янги қуруқ порт қурилади, Ақтау шаҳрида контейнер ташиш хаби қурилиши жадаллаштирилади, порт иншоотлари кенгайтирилади.
Режалаштирилган ислоҳотлардан асосий мақсад 2029 йилга келиб миллий иқтисодиёт ҳажмини икки баробарга – 450 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсадида иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини 6-7 фоиз даражасида таъминлашдан иборат.
Мурожаатда кўтарилган яна бир муҳим масала – АЭС қурилиши эҳтимоли. Бир томондан, Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчиси сифатида ўзининг ядровий ишлаб чиқаришига эга бўлиши керак. Бошқа томондан, кўплаб қозоғистонликлар ва бир қатор экспертлар атом электр станциялари хавфсизлигидан хавотирда. Шу муносабат билан Президент АЭС қуриш масаласини умумхалқ референдумига қўйишни таклиф қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь