Қозоғистон фуқароларини Исроил, Эрон ва Ливандан эвакуация қилишни кўриб чиқмоқда

Олам

image

Яқин Шарқдаги оғир сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда Қозоғистон Республикаси Исроил, Эрон ва Ливандаги фуқароларини эвакуация қилиши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров фавқулодда брифингда маълум қилди.

“Қозоғистоннинг Исроил, Эрон ва Ливандаги элчихоналари ушбу давлатларнинг ваколатли органлари билан доимий алоқада. Ҳозирча Қозоғистон Республикаси фуқаролари жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, деди Смадияров.

У барча фуқаролар консуллик рўйхатидан ўтмаслигига эътибор қаратди. Шу сабабли, алоқа ўрнатиш ва рўйхатларни тузиш вақт талаб этади.

“Охирги бир неча ой ичида Яқин Шарқдаги вазият сезиларли даражада ёмонлашди, бу борада Исроил, Эрон ва Ливандаги қозоқ дипломатлари интенсив режимда ишламоқда. Консулликда рўйхатга олинган фуқаролар рўйхати доимий равишда янгиланади. Шундай қилиб, бугунги кунда Қозоғистоннинг 120 нафар фуқароси, жумладан дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари Исроилда, 180 нафари Эронда, 143 нафари Ливанда консуллик рўйхатида”, — деди Смадияров  фавқулодда брифинг чоғида.

Шунингдек, у Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Исроил, Эрон ва Ливандаги хорижий ваколатхоналарида ишонч телефонлари очилганини, улар ҳақидаги маълумотлар брифингдан сўнг дарҳол расмий манбалар ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинишини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, ТИВ қозоғистонликларга зарур ёрдамни ташкил этиш ишларини мувофиқлаштирувчи тезкор штаб тузди.

“Вазирлик ваколатли органлар билан биргаликда репатриация рейсларининг ривожланиши мумкин бўлган вазиятни назорат қилмоқда. Исроил халқаро аэропорти одатдагидек ишламоқда; Эрондаги барча рейслар 3 октябрь куни эрталабгача бекор қилинди. Бундан ташқари, 1 октябргача Ливандаги юздан ортиқ хорижий элчихоналардан бирортаси ҳам ўз фуқароларини эвакуация қилмаган. Ливан расмийларининг ўзлари томонидан бу борада тегишли кўрсатма йўқ. Шу боис фуқароларимизни эвакуация қилиш масаласи ҳамон ўрганилмоқда ва Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида назорати остида”, деб ишонтирди бошқарма расмий вакили.

Шу билан бирга, мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият туфайли, шунингдек, Қозоғистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вазирлик Референдум ўтказиш бўйича Марказий комиссия билан биргаликда Исроил, Эрон ва бошқа давлатларда референдум ўтказувчи объектлар ишини вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилди.

Умуман олганда, Смадияров Яқин Шарқдаги вазиятни шарҳлар экан, минтақада кенг кўламли урушни келтириб чиқариши мумкин бўлган тинч аҳоли қурбонлари ва вазиятнинг янада ёмонлашувига йўл қўймаслик учун барча иштирокчи томонларни куч ишлатиш усулларидан воз кечишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яқин Шарқдаги ҳарбий вазият кескинлашгани сабабли Қозоғистон авиакомпанияларига Эрон ҳаво ҳудуди орқали парвоз қилмаслик тавсия қилинганди.

Муҳаммад Ҳодиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қозоғистон Эрон Исроил Ливан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made