Қозоғистон Ақтауда қулаган самолёт қора қутисини Бразилияга юборади

Олам

image

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учраган Embraer 190 самолётининг борт ёзувлари (қора қути) таҳлил қилиш учун Бразилияга юборилади. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазирлиги хабар берди.

“Қора қутиларни Бразилиядаги Авиация ҳодисаларини ўрганиш ва олдини олиш марказига (CENIPA) юбориш қарори қабул қилинди. Чунки, Бразилия ушбу самолётни ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади”, дейилади вазирлик баёнотида.

Чикаго конвенциясига кўра, авиация ҳодисаси бўйича терговни амалга оширувчи мамлакат қора қутини таҳлил қилиш учун давлат танлаш ҳуқуқига эга. Уни Бразилияга юбориш қарори Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) тавсиялари, шунингдек, Россия ва Озарбайжон билан ўтказилган маслаҳатлашувлар натижасида қабул қилинган.

Билдирилишича, мазкур қарор қора қутини таҳлил қилиш жараёнининг юқори даражада ишончлилигини ва самолёт ишлаб чиқарувчиси тажрибасидан фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

Маълумот учун, Embraer 190 самолёти Бразилиянинг Embraer S.А. компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Embraer дунёдаги етакчи регионал ва бизнес-авиация самолётларини ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири бўлиб, у 1969 йилда Бразилияда ташкил этилган. Компания ўзининг E-Jet серияси, жумладан Embraer 190 ва бошқа самолётлари билан машҳур. Бу самолётлар ўрта масофаларга мўлжалланган ва регионал авиация бозорида кенг қўлланилади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилия ҳарбий-ҳаво кучлари терговчилари Озарбайжон самолётининг қулаши сабабларини аниқлашда иштирок этиши хабар қилинган эди.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. 

Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.

Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.

Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди.

Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Бразилия Ақтау Embraer 190

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг