Қозоғистон Афғонистондаги темирйўл қурилишига 500 млн доллар сармоя киритмоқчи
Олам
−
23 Апрель 2123 2 дақиқа
Қозоғистон Афғонистонда темирйўл қурилишига 500 миллион доллар сармоя киритишга тайёр. Бу ҳақда Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар билан Қобулда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.
Лойиҳани илгари суриш учун Ҳиротда логистика ва транспорт компанияси ташкил этилиши режалаштирилган.
Жумангарин, шунингдек, учрашувда Қозоғистон Афғонистонга интернет тармоғини кенгайтиришга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Республика Афғонистон аҳолисини арзон нархларда интернет билан таъминлай олади. Вазирнинг сўзларига кўра, Қозоғистон компаниялари ҳам Афғонистон иқтисодиётининг турли тармоқларига, хусусан, нефть ва газ конларига сармоя киритмоқчи.
Афғонистон бош вазири ўринбосари матбуот хизмати Қозоғистон маҳаллий ишбилармонларга виза беришга, икки давлат ўртасида ҳаво қатновини очишга ва банк ҳамкорлигини йўлга қўйишга, транзит ва савдони кенгайтиришга, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.
2024 йилнинг ноябрида Жумангарин Қозоғистоннинг Заман банки ва Афғонистоннинг Газанфар банки ўртасида 10 минг долларлик биринчи синов тўлови амалга оширилгани ҳақида хабар берган эди. Унинг қайд этишича, бу мамлакатлар ўртасида тўғридан тўғри тўловларни амалга ошириш имконини беради. Илгари бу каби операциялар учун Қирғизистон, Ўзбекистон ва Форс кўрфази мамлакатлари банкларидан фойдаланилган.
Мамлакатлар товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард долларга етказмоқчи. Қозоғистон Афғонистонга мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган вагонлар, шунингдек, темирйўл қурилиши учун материаллар етказиб бермоқчи.
Маълумот учун, Қозоғистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик туфайли 2023 йил декабрида “Толибон” гуруҳини террорчилар рўйхатидан чиқаргани ҳақида хабар берилганди. Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичдаги стратегик вазифалардан бири Афғонистонни минтақалараро алоқаларга фаол жалб этишдан иборат.
Live
Барчаси