Қозоғистонда туғилгани учун 4 минг доллар олган болалар қандай оилаларда дунёга келди? (фото)
Бу қизиқ
−
17 Ноябрь 2023
1049114 ноябрь куни Қозоғистоннинг беш вилоятида туғилган уч ўғил ва икки қиз мамлакатнинг энг машҳур болаларига айланди. Уларнинг туғилиши туфайли Қозоғистон аҳолиси 20 миллиондан ошди. Ҳозирда маҳаллий нашрлар уларни “юбилей” чақалоқлар деб атамоқда.
Олимхон
Қозоғистоннинг 20 миллионинчи аҳолисидан бири Туркистон вилоятининг Жетисой туманида туғилган. Болага Олимхон деб исм қўйилган, унинг вазни 3400 грамм, бўйи 51 сантиметр.
Олимхон Асикат қишлоғидан Гулмира Изтлеуова ва Ергали Шакеновлар оиласида тўртинчи фарзанд бўлди. Боланинг онаси Женис мактабида биология ўқитувчиси бўлиб ишлайди, отаси эса ишчи.
Вилоят ҳокими Дархон Сотибалди шифохонада ота-оналар ва чақалоқни табриклаган. Унинг таъкидлашича, статистик маълумотларга кўра, ҳар еттинчи Қозоғистон фуқароси Туркистон вилоятида туғилади.
“Бугунги кунда вилоят аҳолиси икки миллиондан ошди. Туркистон вилояти мамлакатда инсон капиталини оширишга алоҳида ҳисса қўшмоқда. Бу биз учун катта ғурурдир”, деган ҳоким.
Дарҳақиқат, статистик маълумотларга кўра, Туркистон вилояти мамлакатда демографик кўрсаткичлари энг юқори минтақа ҳисобланади. 2022 йилда бу ерда 57 мингдан ортиқ бола туғилган. Жорий йил бошидан эса 45,5 мингдан ортиқ туғилиш қайд этилган. Айтганча, 20 миллионинчи Олимхон билан бир кунда 139 нафар бола дунёга келган.
Томирис
Иккинчи "юбилей" чақалоқ Жезказган шаҳрида туғилган. Қизнинг исмини Томирис қўйишган. У 19 ёшли уй бекаси Айгерим Молдашева ва “Сериктош” хизмати қутқарувчиси Сунгат Сейитжан оиласининг биринчи фарзанди.
Шу куни Жезказганда яна олти қиз ва тўрт ўғил туғилган. Уларнинг барчасига шаҳар ва вилоят ҳокимларининг эсдалик совғалари топширилган.
Муҳаммад
Яна бир “юбилей” чақалоқ Атирау вилоятида Берик Жумагазиев ва Айдана Оразимбетовалар оиласидаги тўнғич фарзанддир. Бўйи 54 сантиметр бўлган болакай 3660 грамм вазнда туғилган.
Отасининг айтишича, Муҳаммаднинг туғилишини хотини билан тўрт йил кутган.
“Бугун эрталаб ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг 20 миллионинчи фуқароси дунёга келгани ҳақидаги хабарни ўқиб чиқдим. Улар орасида ўғлим ҳам бор, деб ўйладим. Шу пайт хотиним қўнғироқ қилиб, хушхабарни айтди. Фарзандимизни тўрт йилдан бери кутамиз. У нафақат оиламизга, балки бутун юртимизга қувонч келтирди. Ўғлим келажакда чинакам ватанпарвар бўлиб, Ватанига, халқига садоқат билан хизмат қилишини орзу қиламан”, дейди чақалоқнинг отаси.
Йил бошидан буён Атирау вилоятида жами 14 мингга яқин бола дунёга келган.
Ясина
Акмола вилоятида туғилган Ясина исмли қизалоқ ҳам 20 миллионинчи болалар бешлигига кирган. У Динара Каренкина ва Аидар Исеновлар оиласида иккинчи фарзанд. Уни уйда катта акаси кутмоқда.
Қизнинг онаси 11 йилдан бери бошланғич синф ўқитувчиси, отаси эса Бурабай туманидаги дон қабул қилиш пунктида бош энергетик бўлиб ишлайди.
“Бу бизнинг оиламиз учун кутилмаган ва жуда қувончли кун! Бу бизнинг иккинчи фарзандимиз! Ҳаммага тинч осмон тилайман! Ўз навбатида биз ҳам фарзандларимизнинг бахтли оилада, тинч-осойишта давлатда вояга етишига кўмаклашамиз”, дейди қизалоқнинг отаси.
Йил бошидан буён вилоятда 9,5 мингдан ортиқ бола дунёга келган.
Ойсултон
Қозоғистоннинг яна бир 20 миллионинчи фуқароси Жетису вилоятининг Толдиқўрғон шаҳрида туғилди. Болага Ойсултон деб исм қўйишди.
Ойсултон Диана ва Мухтор Азимбоевлар оиласида тўртинчи фарзанд. Янги туғилган чақалоқни уйда бир опаси ва икки акаси кутмоқда.
Кичкинтойнинг онасига кўра, у ўғлининг исми туғилганиданоқ мамлакат тарихига киришини тасаввур ҳам қилмаган.
“Бу катта қувонч ва катта масъулият. Эрим билан мен уни муносиб фарзанд қилиб тарбиялаш учун қўлимиздан келганини қиламиз”, дея таъкидлайди у.
Чақалоқнинг отаси Толдиқўрғон ҳарбий бўлинмасида ишлайди.
“Мен ўзим Чимкентданман. Толдиқўрғонга навбатчилик билан келдим, 10 йилдан бери шу ерда ишлайман. Бу вақт ичида Жетису вилояти менинг уйимга айланди. Шу ерда оила қурдим, фарзандларим шу ерда туғилди. Ҳозир кўп фарзандли ота бўлдим. Бекорга бу ерни қутлуғ дейишмаган”, дейди майор Азимбоев.
Йил бошидан буён Жетису вилоятида 10,5 мингдан ортиқ чақалоқ дунёга келган.
Маълумот учун, ҳар бир “юбилей чақалоқ”га мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев номидан туғилганлик тўғрисидаги махсус гувоҳнома, "бэби-бокс" ва аравача топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўзининг X саҳифасида мамлакат аҳолиси 20 миллион кишига етганини эълон қилганди. Otbasy Bank томонидан оилаларга икки миллион тенгелик (4 минг 313 доллар) сертификатлар топширилганди. Бу пулни депозитга қўйиш мумкин, кейин эса боланинг таълимига ёки уй-жой сотиб олишга сарфланиши мумкин.
LiveБарчаси