Қозоғистон ҳарбийларини Британияда ўқитмоқчи
Олам
−
07 Июнь 3311 1 дақиқа
Қозоғистон ўз ҳарбий хизматчиларини Буюк Британиянинг олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқитади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, икки мамлакатнинг мудофаа вазирликлари ўртасида Лондонда ҳарбий ҳамкорлик режаси имзоланган. Унда полковник Эрбол Қумарбекули бошчилигидаги Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг делегацияси расмий ташриф билан иштирок этган.
Тадбир давомида икки томонлама ҳарбий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва келажакдаги ўзаро ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинган.
Буюк Британиянинг етакчи ҳарбий олий таълим муассасаларида қозоғистонлик ҳарбий хизматчиларнинг тинчликпарварлик, тил ўргатиш ва умумий ҳарбий тайёргарлиги асосий йўналишлар сифатида белгиланган.
Қолаверса, тадбир якунида томонлар 2025–2026 йилларга мўлжалланган Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Мудофаа вазирлиги ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ озарбайжонлик ҳарбий хизматчилар Қозоғистон Мудофаа миллий университетида ўқишни рус тилида эмас, балки қозоқ тилида давом эттириш истагини билдирганди. Университет раҳбари бу қарордан ҳайратда қолган.
Live
Барчаси