Қозоғистон ҳам Ўзбекистондан кейин ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи

Олам 6153
image

Қозоғистонда давлат рўйхатидан ўтмаган мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар фаолияти чекланиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 15 сентябрь куни мамлакат парламентининг қуйи палатаси депутатлари томонидан маъқулланган “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида келтирилган.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасида болаларнинг уйсиз ёки қаровсиз қолишининг олдини олиш, Интернетда ноқонуний контентлар тарқалишига тақиқ қўйиш, оилавий муносабатларда боланинг манфаатларини ҳимоя қилиш каби муайян нормалар сезиларли даражада такомиллаштирилган.

“Қозоғистон Республикаси ҳудудида хорижий онлайн-платформа ёки тезкор хабарлар хизматининг филиаллари (ваколатхоналари) раҳбарлари чет элликлар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар бўла олмайди. Барча хорижий мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар Қозоғистоннинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтишлари ва бу ерда ўз ваколатхоналарини очишлари керак бўлади”, дейилган қонун лойиҳасида.

Шунингдек, қонун хорижий компанияларнинг ижтимоий тармоқлари ёки мессенжерларига Қозоғистонда юридик шахс очиш ва давлат рўйхатидан ўтиш мажбуриятини юклайди. Асосийси филиал раҳбари Қозоғистон фуқароси бўлиши керак. Aгар қонун қабул қилинганидан олти ой ўтгач, хорижий тармоқлар давлат рўйхатидан ўтмаган бўлса, мамлакатдаги фаолияти чекланади.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда Интернет тармоғи орқали 70 мингга яқин киберҳужумлар аниқланган. Қозоғистон ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар маъмуриятига турли материалларни ўчиришни сўраб 1,8 мингга яқин мурожаат йўллаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам жорий йилнинг 2 июлида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 27-1-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун айрим ижтимоий тармоқлар фаолиятига чеклов ўрнатилган эди. Хусусан, Twitter, TikTok,  “ВКонтакте”, Skype ва WeChat чекланди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 148
Рейтинг: 3
t
×