Қовун сайли давом этяпти. Қодировнинг ўзини ҳурмат қилган одамлар ҳақидаги гапи нега шов-шув кўтарди?
Жамият
−
15 Декабрь 2019
8798Қовун сайли давом этади. “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодировнинг UzReport телеканалида интервьюда айтган гаплари навбатдаги “қовун тушириш” сифатида қабул қилиниб, ҳафта охирида ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларни келтириб чиқарди. Журналист Қодировдан хорижда яшаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантларга шароит яратиш борасида партиянинг режалари ҳақида сўрайди. Қодиров эса унга қуйидагича жавоб беради.
“Авваламбор, эътироф этиш керакки, Ўзбекистон ўзи етиштирган меҳнат ресурсларини яқин 20 йил ичида тўлиқ иш билан таъминлайди, десак – бу ёлғон гап бўлади. Биз ўзимизни ўзимиз алдаётган бўламиз. Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларининг ўсиш суратлари ҳамда меҳнат ресурсларининг, аҳолимизнинг кўпайиш даражаси бир-бирига мутаносиб эмас. Дунёда ҳақиқатан ҳам меҳнат ресурсларининг ортиқчасига эга бўлган давлатлар бор ва Ўзбекистон шулардан биттаси. Айнан шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолатда биз ушбу масалага масъул бўлган вазирлик ва идораларни ишга ёндашув шаклини тубдан ўзгартиришимиз керак. Ва бу нуқтада мен парламентни ҳам қўшган бўлардим. Биз бугун меҳнат ресурсларини экспорт қилишнинг самарали усуллари ҳақида бош қотиришимиз шарт. Бугун бунинг атрофида жуда кўп гап бўляпти. Шароит яратиш, уларнинг холидан хабар олиш – булар масалани ечмайди. Биз бугун яқин атрофимиздаги мамлакатларда қандай меҳнат ресурсларига талаб бўлиши мумкин ва биз уларни қандай шаклда ўша жойга олиб бориб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, шароитлари таъминланадиган ҳолатда ишга жойлаштиришнинг самарали тизими ҳақида ўйлашимиз шарт.
Вазирликларнинг ишини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳақида айтдим. Лекин, бу ерда жуда самарали бир метод, самарали механизм бор ва биз айнан шунинг учун парламентда ишимизни самарасиз деб баҳолаяпмиз. Жуда кўп давлатларнинг мисоли бор, парламентлари парламентлараро муносабатларда ўша давлатнинг нафақат иқтисодий муаммоларини, иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, балки ҳар бир фуқаронинг манфаатларини ҳимоя қилишда жуда фаол ҳаракат қилади. Ўзбекистоннинг парламентининг биз бундай фаолияти билан мақтана олмаймиз. Айнан шу сабабли Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси парламентни парламентлараро муносабатларда биринчи масалалардан бири сифатида хорижда яшаётган фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш масаласини, ҳимоя қилишни таъсирчан институт сифатида кўрмоқда. Агар биз парламентда етакчи партия бўлсак, биз қайси давлатнинг парламенти билан парламентлараро муносабатларни йўлга қўйишимиздан қатъи назар кун тартибидаги биринчи масалалардан бири айнан шу давлатларда яшаётган бизнинг фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашини ва уларнинг ҳимоя қилиши бўлади. Парламент механизмидан самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан биз шуни таклиф қиляпмиз ва парламент дипломатиясини йўлга қўйиш, халқ парламенти лойиҳалари билан дастурга киритганмиз. Лекин бу етарли бўлмайди, албатта”,
Қодиров фикрида давом этаркан, ўзини ҳурмат қиладиган одам 50 доллар тежаб қолиш учун 50 даража совуқда ёниб кетиши маълум бўлган автобусга ўтириб йўлга чиқмайди. Бу ҳақда у шундай дейди:
“Бугун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги хорижда ишлаётган фуқароларнинг у ердаги шароитлари билан, албатта, шуғулланиши керак. Лекин бу ерга кетиш-чи? Бу ердан кетаётган вақтида... Мана, яқинда кўрдик 1 миллион сўм атрофида пул бериш каби нарсаларни. Буларнинг ҳеч бири масалани ечмайди. Биз мактабда болаларни биринчи ўринда тарбия механизм билан ўзини ҳурмат қилишга ўргатишимиз керак. Ўзини ҳурмат қилган одам тил билмаган жойига иш қидириб бормайди. Ўзини ҳурмат қилган одам чўнтагида 50 долларни “эконом” қилиш учун ёниб кетиши аниқ бўлиб турган автобусга ўтириб, 50 даража совуқда йўлга чиқмайди. Айнан шунинг учун биз айтяпмизки, инсоннинг ўзини ҳурмат қилишига эришишимиз керак. Ана ўшанда у ўзини биринчи ўринда ҳурмат қилади. Агар ишга кетадиган бўлса ҳам... Албатта, бу ерда вазирлик ва идораларнинг ўз масъулиятини амалга ошириши ўз ўрнига, лекин инсон биринчи ўринда ўзини ҳимоя қилиши, ўзини ҳурмат қилиши керак. Бораётган жойида уни нима кутаётганлигини олдиндан таҳлил қилмасдан қандай қилиб ўзини шундай хавфли шароитга қўйиши мумкин?”
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 18 январь куни Ўзбекистондан Россияга йўлга чиққан автобус Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ёниб кетган эди. Натижада автобусдаги 52 ўзбекистонлик қурбон бўлди.
LiveБарчаси