Қоронғуда кўриш имконини берувчи линзалар ишлаб чиқилди
Технология
−
21 Октябрь 4162 2 дақиқа
Хитойлик тадқиқотчилар инсонларга қоронғуда кўриш имкониятини берувчи инфрақизил контакт линзаларини ишлаб чиқди. Бу ҳақдаги тадқиқот “Cell” илмий журналида эълон қилинди.
Қайд этилишича, линзаларда жойлаштирилган махсус нанозаррачалар илгари кўринмас бўлган инфрақизил диапазондаги нурларни инсон кўзига кўринадиган ёруғликка айлантиради. Бу заррачалар 800-1600 нанометр оралиғидаги тўлқин узунликларини учта асосий рангга ўгириб, кўзга сезиларли қилади.
Тадқиқот Хитойнинг Шарқий Хэфэй шаҳридаги Фан ва технология университети олимлари томонидан олиб борилган. Улар анъанавий юмшоқ контакт линзаларни олтин, натрий гадолиний фторид, иттербий ва эрбий ионларидан ташкил топган 45 нанометрли нанозаррачалар билан бирлаштирган.
Аввалига технология сичқонлар устида синовдан ўтказилган. Уларга нанозаррачалар ретина (кўз тўр пардаси)га юборилганида, тажриба ҳайвонлари қоронғуда ҳаракатлана олгани кузатилган. Кейинчалик инвазив бўлмаган, яъни организмга инъекция талаб этилмайдиган контакт линза шакли ишлаб чиқилган. Синовларда иштирок этган одамлар ёрдамида қоронғуда ҳарфлар, нақшлар ва милтилловчи инфрақизил сигналларни таний олгани маълум бўлган.
Қизиғи, линзалар ёпиқ кўз билан ҳам самарали ишлаши аниқланган. Сабаби инфрақизил ёруғлик кўз қовоқларидан осон ўтиб, тасвир ҳосил қилади. Бироқ ҳозирча мазкур линзалар анъанавий тунги кўриш кўзойнаклари каби кучли эмас. Чунки мавжуд нанозаррачалар баъзи ҳолатларда тасвирни хиралаштириб юбориши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияда денгиз сувида бир соат ичида тўлиқ эриши мумкин бўлган пластмасса ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу тажриба RIKEN илғор материаллар маркази ва Токио университети мутахассислари томонидан ўтказилган. Олимлар янги турдаги пластмассадан иборат кичик қисм денгиз сувида атиги бир соат ичида қандай қилиб йўқолиб кетишини намойиш этган.
Моҳичеҳра Қадамова