Қорақалпоғистонга Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги куч ва воситалари жалб этилди

Жамият 77553
image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан 3 июлдан 2 августдача Қорақалпоғистон Республикасида 30 кунлик фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари қўшимча равишда жалб этилди.

Фармонга мувофиқ, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун аниқ таҳдид, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига хужум қилиш, уларнинг қурол ва техникасини эгаллаб олиш ҳолатларини инобатга олиб, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонунининг 23-моддасига мувофиқ қуйидаги вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари қўшимча равишда жалб этилади:

•  фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида режимини таъминлаш;
•  аҳолининг ҳаёт фаолиятини ва транспортнинг ҳаракатланишини таъминловчи обектларни ҳамда инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғи, шунингдек, атроф-муҳит учун юқори хавф туғдирадиган обектларни муҳофаза қилиш;
•  қурол, жанговар ва махсус техника қўлланилган ҳолда зўравонлик ҳаракатлари билан бирга юз берадиган тўқнашувларда иштирок этаётган қарама-қарши курашаётган тарафларни ажратиш;
•  қонунга хилоф қуролли тузилмалар фаолиятига чек қўйишда иштирок этиш;
•  фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг кучлари таркибида фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда, шунингдек одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишда иштирок этиш.

Шунингдек, фавқулодда ҳолат режими шароитида ўрнатилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши учун масъул этиб Қорақалпоғистон ҳудуди комендатураси, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлиги хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларининг кучлари ва воситалари белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, кеча, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2760
Рейтинг: 3
t
×