Қорақалпоғистондаги воқеаларда жароҳатланган 23 ҳарбийнинг аҳволи оғирлиги айтилди

Жамият 13625
image
-

Қорақалпоғистондаги ҳужумлар пайтида 107 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жиддий тан жароҳати олган, жумладан уларнинг 23 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳамжамият учун берилган баёнотда айтилади. 

Қайд этилишича, оммавий вайронгарчилик ва ваҳшийликлар чоғида Жўқорғи Кенгес (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат ва шахсий мол-мулкка ўт қўйиш, бузиш ва йўқ қилиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга уринишлар кузатилган. 

“Тартибсизликлар иштирокчиларининг ваҳшийлиги одамларнинг онгини манипуляция қилган бир гуруҳ шахсларнинг провокацион ҳаракатлари натижаси бўлиб,  фуқароларнинг тинч намойишлари сифатида таснифланиши жоиз эмас. 

Ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида, илгари айтиб ўтилганидек, 18 киши вафот этди. Шуни таъкидлаш керакки, тажовузларнинг фаол иштирокчиларининг кўпчилиги гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар истеъмол қилган шахслардан иборат эди.  

Ўзбекистон ҳукумати ҳокимиятни куч билан қўлга киритиш, айирмачилик ғояларини тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида ўзаро нафратни қўзғатиш, оммавий тартибсизликлар ва зўравонликка чорлашга қаратилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни қатъий қоралайди. 

Амалга оширилган чора-тадбирлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг оқилона саъй-ҳаракатлари туфайли ноқонуний тадбирларга чек қўйилди”, дейилади баёнотда.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 404
Рейтинг: 3
t
×