Қорақалпоғистондаги сув тошқини ортидан қатор мансабдорларга жиноят иши қўзғатилди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги каналда босим ортиши туфайли уйларни сув босган эди. Ҳолат юзасидан туман ирригация бўлими ва ирригация тармоқлари бошқармаси мансабдорларига жиноят иши очилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 февраль куни тунги соат 3-4 лар атрофида Тўрткўл туманидаги “Калта минор-1” хўжаликлараро каналида 192-пикети ён томонидан (тўғон) сув тушиши оқибатида ҳудуддаги уйлар ва бинолар шикастланган.

Тошқин оқибатида шу ҳудудда яшовчи 7 нафар фуқаронинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик иншоотларига зарар етган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. ФВВ томонидан шу куни соат 07:00 га қадар сув тошқини бартараф этилиб, тўпланиб қолган сувдан ҳовли ер майдонлари тозаланган.

Ҳодиса жойига масъуллар етиб бориб, вазиятни ўрганган. Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳудудий сектор раҳбарлари ҳамда бошқа масъулларга тегишли топшириқлар берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тўрткўл туман прокуратураси томонидан “Пахта Арна Найман” ирригация тармоқлари бошқармаси ва Тўрткўл туман Ирригация бўлими мансабдор шахслари ҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 203, 207 ва 229-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш юзасидан экспертиза тайинланган.

“Ҳозирда ҳодиса юз беришига сабабчи бўлган айбдорларни аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг