Қорақалпоғистонда фойда солиғи 50 фоизга камайтирилади
Жамият
−
26 Август 2022
4653Қорақалпоғистонда фойда солиғи ставкаси 50 фоизга пасайтирилиб, 7,5 фоиз этиб белгиланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Жўқорғи Кенгеснинг Нукусда ўтаётган навбатдан ташқари йиғилишидаги нутқида айтиб ўтди.
Президент мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига Қорақалпоғистонда қўшимча имтиёз ва енгилликлар бериш бўйича аниқ топшириқлар берди. Жумладан, Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида:
• ҳудуд учун фойда солиғи ставкасини 15 фоиздан 7,5 фоизга тушириш;
• айланма солиқ ставкасини Нукус шаҳрида 4 фоиздан 2 фоизга, туманларда 2 фоиздан 1 фоизга, олис ҳудудларда эса 1 фоиздан 0,5 фоизга пасайтириш;
• мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини 2 бараварга камайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Бундан ташқари, жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари учун режадаги 650 миллиард сўмга қўшимча равишда 200 миллиард сўм ажратилади.
Аграр соҳадаги масалаларни ҳал қилиш бўйича:
• йил якунига қадар 6 минг 620 гектар, келгуси йилда 6 минг гектар пахта ва ғалла ерларини қисқартириб, аҳолига ижарага беришни йўлга қўйиш;
• экин экиш харажатлари учун фермерларга 200 миллиард сўм ва деҳқонларга 50 миллиард сўм ажратиш;
• сув таъминотини яхшилаш мақсадида ҳар бир қудуқни бурғилаш ва ишга тушириш учун 15 миллион сўмгача субсидия ажратиш ва бошқа молиявий кўмак бўйича топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Жўқорғи Кенгеснинг навбатдан ташқари сессиясида парламент раиси Мурат Камалов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Аманбай Тлеубаевич Оринбаев номзоди кўрсатилди.
LiveБарчаси