Қорақалпоғистон солиқ идораси мансабдори судда оқланди

Жамият 1812
image

Жорий йилнинг апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туман давлат солиқ инспекцияси вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган “TITAN CEMENT” МЧЖнинг мол-мулк ва ер солиғидан жами 1 153 514 745,39 сўмлик солиқ қарздорлигини ундириш бўйича жамиятнинг банк ҳисоб-рақамига инкассо топшириқномалари қўйиб, мажбурий ундириш чораларини кўргани, Бизнес-омбудсман девони ходимлари аралашуви билан тадбиркорнинг ҳисоб-рақамига қўйилган инкассо топшириқномалари олиниши таъминлангани, ушбу ҳолатга йўл қўйган Қораўзак туман ДСИ ходимига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилгани, у Қораўзак туман маъмурий судининг қарори билан Қораўзак туман ДСИнинг мансабдор шахсига нисбатан 2 230 000 сўм жарима қўлланилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб, Тахтакўпир туман маъмурий судининг 2020 йил 17 апрелдаги ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 19 майдаги қарорлари бекор қилин ва мансабдор У.Турдиев оқланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га хабар берди.

Қайд этилишича, Қораўзак тумани давлат солиқ инспекцияси ходими У.Турдиевнинг ҳатти-ҳаракатларида “Titan cement” МЧЖнинг мол-мулк ва ер солиғидан ҳосил бўлган қарздорликларини ундиришда қонун бузилиш ҳолатлар мавжуд эмаслиги сабабли, мазкур корхонага солиқ қарздорлигини кечиктириш бўйича ваколатли орган ҳужжати, яъни имтиёз бериш бўйича қарор қабул қилинмаган.

Шу сабабли, ушбу ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида назорат тартибида кўриб чиқилиб, МЧЖ шаклидаги “Titan cement” қўшма корхонасига нисбатан ПФ-5969-сонли Президент Фармонида белгиланган имтиёз ва преференцияларни қўллаш бўйича ваколатли орган қарори қабул қилинмаганлиги ҳамда имтиёз бериш юзасидан У.Турдиевда ваколат бўлмаганлиги тасдиқланиб, Тахтакўпир туман маъмурий судининг 2020 йил 17 апрелдаги ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 19 майдаги қарорлари бекор қилинган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан Қораўзак тумани ДСИ ходими У.Турдиевга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий иш материали эса ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли иш юритувдан тугатилган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 3.2
t
×