Қорабоғни Озарбайжонники деб тан олишга жиноий жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда
Олам
−
11 Октябрь 2023
9739“Айакве” ташаббус гуруҳи Арманистон парламентига Тоғли Қорабоғни Озарбайжон таркибида деб тан олганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш масаласини парламент йиғилиши кун тартибига киритиш талаби билан республика фуқароларининг 58 мингдан ортиқ имзосини тақдим этди. Ҳужжатни парламент аъзоларига топшириш тадбири реал вақт режимида маҳаллий ахборот порталлари орқали эфирга узатилди.
“Парламент кун тартибига Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми деб тан олганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш, шунингдек, арманлар геноцидини [Усмонли империясидаги] халқаро тан олишни рад этиш масаласини киритиш талаби билан 58 минг имзо тўпланди”, дейди ташаббус раҳбари, жамоат арбоби Аветик Чалабян.
Парламентга тақдим этилишидан аввал имзолар Марказий сайлов комиссиясига юборилиб, уларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланган. Ушбу тартиб-қоидадан сўнг масала қонун кучи билан парламент кун тартибига киритилади. Агар бу қонун лойиҳаси парламент аъзоларининг кўпчилиги томонидан рад этилса, конституцияга кўра, ташаббус гуруҳи референдум ўтказиш учун 300 минг имзо тўплаши мумкин. Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг “Фуқаролик шартномаси” партияси бу қонун лойиҳасини қабул қилмаслигини аллақачон маълум қилган.
Пашинян, шунингдек, бошқа юқори мартабали арман вакиллари Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олишларини бир неча бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрига ўтар кечаси Қорабоғда Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчи-диверсив гуруҳи томонидан ўрнатилган танкка қарши мина портлаб кетиши ортидан олти нафар озарбайжонлик ҳалок бўлганди. Ўша куни Баку “маҳаллий аксилтеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман Қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь