Қорабоғдаги арманлар ё Озарбайжон фуқаролигини қабул қилсин, ёки кетсин – Илҳом Алиев
Олам
−
18 Апрель 2023
7717Қорабоғда яшовчи арманлар ё Озарбайжон фуқаролигини қабул қилиши ёки бошқа яшаш жойини излаши керак. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев давлат телевидениесига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Бу ерда тўлиқ эркинлик бор, барча демократик асослар таклиф этилган. Бу масалани инсон ҳуқуқлари асосида ҳал қилиш керак”, деган Озарбайжон раҳбари.
Унинг айтишича, Озарбайжон ҳеч бир давлат билан ўз ички ишларини муҳокама қилмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Қорабоғ ҳам Озарбайжоннинг ички ишлари сирасига киради.
“Сепаратистлар икки танлов борлигини билишлари керак: ё Озарбайжон байроғи остида яшайдилар, ёки кетишади. Иккинчи Қорабоғ урушидан кейин ўтган икки ярим йил ичида Арманистон, унинг ҳомийлари, шунингдек, уни қўллаб-қувватловчи давлатлар ва кучлар Озарбайжоннинг иродасини, қатъиятини, кучини яққол кўрди”, дейди Илҳом Алиев.
Озарбайжон Президентининг таъкидлашича, ўтган икки ярим йил давомида Озарбайжон-Арманистон давлат чегараси йўналишида, шунингдек, у ерда вақтинча жойлашган Россия тинчликпарвар кучлари назорати остидаги минтақада кўплаб муҳим воқеалар содир бўлган.
“Биз бу ерларнинг эгаси эканлигимизни бир неча бор намойиш этганмиз ва ҳеч кимга ҳудудимизни бошқаришига йўл қўймаймиз”, деган давлат раҳбари.
Илҳом Алиев Баку ва Ереван ўртасида тинчлик шартномасини имзолаш истиқболларига ҳам тўхталган. У тинчлик шартномаси имзоланиши муносабати билан сўнгги икки йил давомида арман томони позициясида турли зигзаглар, яъни турли ўзгаришлар бўлганини билдирган. Шунингдек, у Арманистон ҳам Озарбайжоннинг ёндашувига принципиал жиҳатдан қўшилишини таъкидлаган.
“Чунки бошқа вариант йўқ. Шунинг учун ҳам ўтган йилнинг октябрь ойида Прага ва Сочида бўлиб ўтган учрашувларда Арманистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини расман тан олди. Яъни икки давлат ўртасидаги чегара масаласи 1991 йилдаги Олмаота декларацияси асосида ҳал этилиши лозимлигини тан олди”, дея тушунтирди Озарбайжон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Арманистон Қорабоғдан воз кечса, минтақада тинчлик бўлишини айтган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь