Қорабоғда вазият таранглашди. Ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди

Олам 16283
image

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасида бугун, 3 августдан қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди. Бу ҳақда ҳудуд раҳбари Араик Арутюнян томонидан имзоланган фармонда келтирилган.

Қайд этилишича, ҳарбий сафарбарлик эълон қилинишига Озарбайжон билан тўқнашув чизиғидаги вазият кескинлашгани сабаб бўлган. 

Маълумот учун, бугун, 3 август куни Озарбайжон билан тўқнашув чизиғида вазиятнинг кескинлашиши оқибатида икки нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, яна 14 нафари яраланган.

Тоғли Қорабоғ Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, айни вақтда вазият нисбатан сокинлашган, Тоғли Қорабоғ кучлари россиялик тинчликпарвар кучлар билан бирга вазиятни барқарорлаштириш устида иш олиб бормоқда. Расмий Ереван Қорабоғдаги воқеаларга ҳозирча изоҳ бермади.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилгани ва Қорабоғдаги қатор тепаликлар назоратга олинганини маълум қилди. Амалиёт бошланишига бугун Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлган.

“Уч томонлама келишувга қарамай, Озарбайжоннинг вақтинча Россия Федерацияси тинчликпарвар кучлари жойлаштирилган ҳудудларида Арманистон ҳарбий кучлари ва ноқонуний тузилмаларининг сақланиб тургани хавф манбаи бўлиб қолаётганини Озарбайжон Республикаси бир неча марта айтиб ўтди. Бу ҳудудларни демилитаризация қилиш, арман қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетиш ва ноқонуний арман ҳарбий тузилмаларини қуролсизлантириш шарт”, дейилади баёнотда.

Қорабоғ уруши 

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 168
Рейтинг: 3
t
×