Қорабоғда 88,2 мингдан ортиқ арманлар қўйган мина топилди

Олам

image

Иккинчи Қорабоғ уруши тугаганидан сўнг, 2020 йил ноябридан бери Озарбайжоннинг Арманистон томонидан 30 йил давомида босиб олинган ҳудудларида 88 260 та мина топилди ва зарарсизлантирилди. Бу ҳақда Озарбайжон миналарга қарши агентлиги бошқаруви раҳбари Вугар Сулаймонов Ағдамдаги миналарга қарши кураш бўйича иккинчи халқаро гуманитар конференцияда сўзлаган нутқида маълум қилди. 

Сулаймоновнинг эслатишича, Озарбайжон дунёдаги миналардан энг кўп зарарланган давлатлардан бири ҳисобланади.  

“Бу яширин хавф-хатарлар нафақат инсоният фожиаларига олиб келади, балки ижтимоий ва иқтисодий тараққиётга ҳам тўсқинлик қилади. Бу ҳам минтақада тинчлик ва барқарорликка жиддий тўсиқ бўлмоқда”, дейди у. 

Унинг таъкидлашича, 2020 йил ноябрь ойидан буён Қорабоғ вилоятининг 81 386 гектар ҳудуди миналардан тозаланган.  

“Жами 88 260 та мина ва урушнинг бошқа портловчи қолдиқлари, жумладан 28 259 та пиёдаларга қарши миналар, 15 303 та танкга қарши миналар ва 44 698 та портламаган ўқ-дорилар топилди ва йўқ қилинди. Эришилган ютуқларга қарамай, миналар хавфи сақланиб қолмоқда”, дейди Сулаймонов. 

Унинг сўзларига кўра, сўнгги 32 ой ичида 302 нафар Озарбайжон фуқароси миналар ва портловчи моддаларнинг уруш қолдиқлари қурбонига айланган. Улардан 57 нафари ҳалок бўлган, 245 нафари яраланган.

Гап шундаки, Арманистон Қорабоғни босиб олганда ҳудудни тўлиқ миналаштирган. Ҳудудларда Озарбайжон қўлига ўтгач, озод қилинган жойларда бир неча бор оёқ остига жойлаштирилган миналар портлаши оқибатида кўплаб ҳарбийлар ҳалок бўлди. Арманистон эса миналанган ҳудудлар харитасини бермай келаётган эди. 

Маълумот учун, бугун, 25 май куни Москвада бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам иштирок этди.Арманистон ва Озарбайжон ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олиш бўйича келишиб олди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мазкур келишув ҳақида ЕОИИ саммитида маълум қилган. Шу билан бирга, у халқаро механизм доирасида (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ аҳолисининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги масаласига тўхталиб ўтган.

Ўз навбатида, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатнинг Арманистонга нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлигини қўшимча қилган.

“Баку ва Ереван ўртасида тинчлик келишувига эришиш имконияти бор, айниқса, Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида расман тан олганини ҳисобга олсак”, дейди Озарбайжон раҳбари.

Қорабоғ уруши 

2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.

2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон Қорабоғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг