“Қора шаҳзода” Байденни тиз чўктирди – эксперт

Олам 53254
image
-

АҚШ Президенти Жо Байденнинг Яқин Шарқ бўйлаб сафари чоғида Саудия Арабистонига ташрифи Ар-Риёд ва биринчи навбатда қироллик валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ал-Сауднинг дипломатик ғалабасидан далолат беради. “Globo” газетаси таҳлилчиси Густав Шакра шундай фикр билдирди.

Кеча, 13 июль куни чоп этилган мақоласида у Саудия шаҳзодаси Байденнинг Яқин Шарққа сафаридан кейин асосий ғолибга айланиши ҳақида ёзган.

“Биринчидан, унинг кўз ўнгида Американинг яна бир Президенти Ар-Риёдга таъзим қилади. Нефт қудрати бошқаларни ортда қолдиради. Саудияликлар 80-90-йиллардаги жиҳодчиларни қўллаб-қувватлаш ҳам, аёлларга қарши апартеид ҳам АҚШнинг қўрқоқ ва иккиюзламачи Президентлари билан иттифоқни бузмаслигини, улар хоҳ демократлар Барак Обама ва Билл Клинтон, хоҳ республикачилар Дональд Трамп ва Жорж Буш бўлсин, доим билган”, деган халқаро муносабатлар бўйича мутахассис.

Шакранинг эслатишича, Байден ўз сайловолди кампанияси чоғида АҚШ Миллий разведкаси Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасини 2018 йилда журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилиши ортидаги ташкилотчи сифатида тан олганидан сўнг уни қувғиндига чиқарган эди.

“Иккинчидан, Бин Салмон Эронга қарши Исроил билан иттифоқ тузиш борасидаги ҳаракатлари ўз самарасини бераётгани учун ҳам ғолиб бўлчпти. Бундан буён у тарихий рақиблари бўлган эронликлардан ҳимояланиш учун Исроил ва АҚШнинг ҳарбий қудратига таяниши мумкин бўлади. Ва буларнинг барчаси, албатта, Саудия ҳудудидаги синагогалар ва черковларга тақиқни бекор қилмасдан қўлга киритилади”, дея фикрини давом эттирган таҳлилчи.

Умуман олганда, Ар-Риёд Вашингтонга ҳеч қандай ён беришга мажбур бўлмайди, деб ҳисоблайди Шакра. Унинг фикрича, Саудия Арабистони Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий операция”си масаласида бетараф қолади.

“[Россия Президенти Владимир] Путин билан яқин муносабатларни сақлаб қолади ва Вашингтоннинг асосий геосиёсий рақиби бўлмиш Хитой билан тобора яқинроқ тижорат алоқаларини давом эттиради”, дейди эксперт.

Оқ уй эгасининг Ар-Риёдга ташрифининг асосий қурбонлари фаластинликлар бўлади, деб ҳисоблайди журналист.

“[Байден] ўттиз йилдан ортиқ вақтдан бери [Фаластин-Исроил] можаросини ҳал этиш бўйича ҳеч қандай режаси бўлмаган биринчи [Америка раҳбари]дир. У амалда Фаластин давлати бўлмаслигини, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида Исроил оккупацияси эса белгиланмаган  тартибда давом этишини, ҲАМАСнинг Ғазодаги мавжудлигини тан олди”, дейди Густав Шакра.

Байден кеча, 13 июль куни Исроилга ташриф буюрди ва президентликка келганидан кейин биринчи Яқин Шарқ бўйлаб сафарини бошлади. 13-16 июль кунлари у Исроил, Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили ва Саудия Арабистонига ташриф буюради. Аэропортда Байденни расмий кутиб олиш маросимида Исроил Бош вазири Яир Лапид Байден билан Яқин Шарқда “янги хавфсизлик архитектурасини яратиш”, шунингдек, “кучли глобал коалицияни янгилаш зарурлигини” муҳокама қилиш ниятида эканини айтди. Бу Эрон ядровий дастурини тўхтатади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1810
Рейтинг: 3
t
×