Қора денгизни “НАТО денгизи”га айлантириш вақти келди – Кулеба
Олам
−
13 Апрель 2023
10802Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Руминия пойтахти Бухарестда бўлиб ўтган Халқаро Қрим платформаси хавфсизлиги бўйича биринчи Қора денгиз конференциясида Қора денгизни Болтиқ денгизи каби НАТО денгизига айлантириш вақти келганини айтди. Бу ҳақда “Интерфакс Украина” хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, альянснинг Вильнюсда бўлиб ўтадиган саммитида Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши йўлида қатъий қадамлар ташлаш керак.
“Уруш минтақа хавфсизлиги ажралмас эканини исботлади. Бир давлатга таҳдид ҳамма учун таҳдиддир”, дейди Кулеба.
Унинг таъкидлашича, энди қўрқув стратегия эмаслиги бутун дунёга аён бўлган. Шунинг боис ҳам минтақадаги барча давлатлар учун кенг қамровли хавфсизлик тармоғи ишлаб чиқилиши керак.
Кулеба Россиянинг ҳар доим стратегияси борлигини ва Ғарб шубҳа туғдирса, ҳаракат қилганини айтди.
“2008 йилда қўрқув туфайли Украина ва Грузияга НАТО эшикларини ёпиб қўйганида, Россия тезда иккала давлатга ҳам ҳужум қилди. Россия манякка айланди, аммо баъзи раҳбарлар энг яхши стратегия манякни хурсанд қилиш деб қарор қилди. Бу унинг потенциал қурбонларини қуролсиз қолдиришни ўз ичига олди”, деган Украина ТИВ раҳбари.
Шунингдек, у Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммити ўтмишдаги хатоларни тузатиш ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши йўлида қатъий қадамлар ташлаш учун тўғри вақт эканини таъкидлаган.
“Нафақат биз учун эшик очиқ экани, балки Украина унга қачон ва қандай кириши ҳақида аниқ режа борлигини кўрсатиш керак”, дейди Кулеба.
Вазир Украинанинг Европа мудофаа ташаббусининг бир қисмига айланиши мантиқий эканини қўшимча қилган ва у яқинда Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель билан суҳбатда бу масалани кўтарганини маълум қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь