Қонун “нозик” амалдорлар учун ишлайдими?
Таҳлил
−
07 Июнь
67492022 йилнинг октябрь ойида депутатлар томонидан маъқулланиб, Олий Мажлис Сенатига, 1 июнь куни Сенат томонидан Президентга имзолаш учун юборилган, орадан нақд бир йил ўтиб, 2024 йилнинг 5 июнь куни Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун ҳақида эшитгандирсиз. Бу қонуннинг имзоланиши 1 йил кутилган бўлса, кучга киришини яна 6 ой кутиш керак. Чунки қонун 6 ойдан сўнг кучга киради.
Бу қонун қабул қилинишининг асосий мақсади мамлакатда коррупцияни йўқ қилиш, қариндош-уруғчилик, непотизмни йўқотиш. Оддий қилиб айтганда, сиз давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотда раҳбар лавозимида ишласангиз, сизга тўғридан-тўғри бўйсунадиган ходим сифатида яқин қариндошингиз, турмуш ўртоқ, ака-ука, фарзандларингиз ёки бошқаларни ишга ололмайсиз.
7 июнь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов ва агентлик директори Акмал Бурҳонов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Расмийлар қонунинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириб, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қайси орган ходимларига нисбатан татбиқ этилишига ойдинлик киритишди.
“Биринчи навбатда, бу давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат муассасалари, давлат унитар корхоналари, давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади. Қонун 69 та давлат органларига, 220 та маҳаллий давлат ҳокимият органларига, 26 400 та давлат муассасаларига, 503 та давлат унитар корхоналарига, 23 та давлат мақсадли жамғармаларига, 153 та давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилади. Юқорида айтилган давлат харидларига нисбатан татбиқ этиладиган қисми эса қарийб 2 мингдан ортиқ бўлган корпоратив буюртмачиларга давлат харидлари соҳасида татбиқ этилади”, дейди Алишер Каримов.
Адлия вазири ўринбосарини яхшилаб тинглаб, у юқорида ҳамма соҳада фаолият олиб борадиган амалдорларни санамаганини пайқадик ва ундан бу қонуннинг кучи сенаторлар-у депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси ёки суд тизими каби “гигант” ташкилотларга ҳам етадими, деб сўрадик.
“Шунинг учун ҳам биз бунинг рўйхатини шакллантирамиз. Кўпчиликка татбиқ этилмаётган “Давлат фуқаролик хизмати” тўғрисидаги қонундан фарқли ўлароқ, бу қонун давлат органлари ташкилотларига, 28 мингта идорага, барчага татбиқ этилади. Рўйхатга максимал даражада барчани киритамиз. Мени хурсанд қилган томони шундаки, бу қонуннинг кучга кириши учун 6 ой вақт берилган. Бу ҳамма саволга жавоб бўлади. Кўпчиликда савол бўлди: нима учун 6 ой вақт берилди, яна атайлаб чўзиляптими? Мақсад бу эмас. Мақсад – мана шу қонун кучга кирганидан ишлаши керак. Эртага ҳеч қанақа савол қолмаслиги керак, айниқса давлат хизматчисига. Чунки бу кучга киргунча жуда кўп ҳолатлар бор, бугунги кунда шу бўйсунувда ишлаётган ҳолатлар, биз энди уларни ротация қилишга, яъни қонун кучга киргунча бошқа жойда ишлашига мажбурлаймиз. Шунинг учун ишонч бўладими яъни амалда ишлайдими, деган саволингизга 6 ой вақт берилганини, иккинчидан, самарали ишлаши учун алоҳида қарорлар қабул қилинган.
Президентимиз нима учун бу қонунни имзолаши кечикди? Айнан мана шу қарорлар ишлаб чиқиш, тўлиқ ишлаши учун комиссия аъзоларига кимларни қўшишимиз, нима ишларни амалга оширишимиз пунктма-пункт ёзиб чиқилди", дейди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов. Бу қонуннинг амалдорларга “тиши ўтиши” ҳақида гап кетганда бир ҳолатни мисол тариқасида келтириш жуда ҳам ўринли. Ёдингизда бўлса, ДХХнинг собиқ биноси маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилиб, собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирги Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг ўғли, Россия фуқаролигини олган Дониёр Комиловга тегишли компанияга сотилган эди. Тарихий бинонинг сотилиши ва унинг айнан Ўзбекистондаги амалдорнинг ўғлига сотилгани катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бир савол пайдо бўлади. Хўш, “Манфаатлар тўқнашуви” тўғрисидаги қонун амалдорларнинг чет эл фуқаролигини олган яқин қариндошлари, фарзандлари учун ҳам амал қиладими?
Энди қонунни бузиб қариндош-уруғчиликка йўл қўйганлар ва ишлаётган ташкилотида манфаатлар тўқнашуви ҳолатини кўриб ҳам тегишли органларга хабар бермаган масъул шахсларнинг жавобгарликка тортилиши масаласига тўхталсак.
"Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга алоҳида модда яъни 193-4 моддаси билан киритиляпти. Манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари юз берганда, маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилади. Биринчи навбатда, бевосита шахснинг ўзи томонидан шунақа ҳолатлар тўғрисида хабар бермаслик ҳолатида базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача (1 700 000 сўмгача) маъмурий жарима белгиланяпти. Ҳолат такроран содир этиладиган бўлса, бу 2 баравар оширилиши, оғирроқ жарима жазоси белгиланяпти”, дейди Алишер Каримов.
Унинг айтишича, агар шунақа ҳолатлар тўғрисида хабар берилган ёки тегишли ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш компанияси хизмати кадрлар бўлинмалари томонидан ҳолатлар аниқланган ҳолатда мансабдор шахс томонидан тегишли таъсир чоралари кўрилмаса, унга нисбатан ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланяпти, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан 10 бараваригача базавий ҳисоблаш миқдори жарима белгиланяпти.
Шунингдек, манфаатлар тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш чоғида маълумотларни яширишга ёки нотўғри ахборотни беришга тўғридан-тўғри чеклов бериляпти. Яна бир ҳолатда бир-бирига бўйсунувчи ташкилотларда ёки назоратидаги ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлаши ҳам манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлишини инобатга олиб, бу бўйича ҳам тақиқ белгиланмоқда.
LiveБарчаси