“Ҳокимлик дастидан дод” Тошкентда инвесторларга кун борми?
Таҳлил
−
19 Май 2023
12477Жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистонда референдум бўлиб ўтди. Унда Янги таҳрирдаги Конституцияни қўллаб-қувватлаб овоз берилди. “Инсон манфаати учун хизмат қилади” деб қабул қилинган Конституцияга кўплаб ўзгартиришлар киритилди. Айниқса, узоқ йиллардан буён муаммо бўлиб келаётган мол-мулк дахлсизлиги масаласи.
Масалан, янгиланган Конституциянинг 531-моддасида
“Ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти билан амалга оширилиши мумкин”, деб ёзилади.
Гап шундаки, QALAMPIR.UZ’га 15 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият олиб борадиган туркиялик инвесторлар мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, Тошкент шаҳрининг бир нечта ҳудудларига катта кучланишдаги электр кабели ўтказилаётгани сабабли, инвесторга тегишли бўлган Яшнобод туман Янги Ўзбекистон кўчаси 256-уйда қазиш ишлари бошланган. Энг ачинарлиси, тадбиркорга бу ҳақида огоҳлантириш берилмаган.
“3-4 кун олдин Яшнобод тумани ҳокимининг ўринбосари Иззат Зиёвиддинов қўнғироқ қилиб, бизнинг корхонага тегишли ҳудуддан кабель ўтказилиши кераклиги ва ҳудудни ўраб турган “забор”ни бузишини айтди. Биз ҳудудни ҳокимлик билан маслаҳат қилиб ўраганмиз. “Замҳоким” бу ерлар давлатники эканини айтди ва ўтказилаётган кабель давлат сиёсати даражасидаги иш эканини тушунтирди.
Биз ҳам 15 йилдан буён шу ерларда яшаб, нон топяпмиз. Қиш ойларида газ, “свет” билан боғлиқ муаммоларни биз ҳам бошдан ўтказдик. Мен корхонага тегишли ердан кабель ўтказишларига қарши эмасман. Ҳокимлик бизни расман огоҳлантириб, йўқотаётган ҳудудим учун компенсация тўлашларини сўраяпман. Ҳоким ўринбосари дарвозани очишим ёки ўзлари эскалатор билан бузиб киришларини айтди. Мен рози бўлмадим ва улар бузиб кирди”, дейди “O'rta Osiyo invest group” корхонаси директори ўринбосари Бедир Ўздемир.
Тадбиркор Ражаб Ўздемирнинг айтишича, корхонага тегишли бўлган ҳудудда 49 та вилла, 3 та қўшимча бино қурилиши режа қилинган. Кабель ўтказилиши учун энига 3, узунасига 315 метр майдон қазилади. Кабель ўтказилган ҳудуд атрофида бино, иншоот қуриш эса қурилиш қоидаларига тўғри келмайди. Бунинг ортидан вилла қуриш учун тайёрланган лойиҳа янгидан чизилиши, бинолар сони қисқариши керак. Бу эса ортиқча харажат талаб этади. Охир-оқибат тадбиркор ҳам ердан ютқизади, ҳам анча маблағи ҳавога учади.
QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, қазиш ишлари ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Балки Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Тракторсоз” подстанциясидан “Янги Ўзбекистон” подстанциясигача 110 киловатт кучланишдаги кабель тармоғи ўтказилмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан 14 километр ҳудуд қазилиб, юқори кучланишли электр симлари тортилади. Бу кабель Самарқанд дарвоза ҳудудигача бориб, Тошкент шаҳри доирага олинади. Президент имзолаган қарор бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Президент “бузилсин” деб айтмаган. Балки аҳолини электр токи билан таъминлаш учун кабель ўтказиш ишлари кетмоқда.
Биз корхона раҳбарлари билан гаплашиб, қазиш учун рухсат сўрадик. Кадастр ҳужжатларини ҳам кўрдик, бу ерда қазишимиз мумкин бўлган 1,5 метр жой бор. Кабель уларнинг ҳудудидан ўтмайди ва айтилганидек, 1,5 метр қазилади. Биз тадбиркор билан корхонанинг қоровулхонасида гаплашдик, қазиш кераклигини айтдим “беш олдик” ва келишдик. Тўғри биз бу ишларни хат-ҳужжат билан қилишимиз керак эди. Биз оғзаки келишув билан ҳал бўлади, деб ўйладик.
Мен айтдим, бугунги сана билан хат тайёрлаб беришади. Қайта айтаман бу халқ манфаатини ўйлаб қилинаётган иш”, дейди Яшнобод туман ҳокимининг “зами” Иззатилла Зиёвиддинов.
Ҳоким ўринбосари 1,5 метр жой давлатга тегишли эканини айтди. Аммо суратга олиш жараёни давомида ёки орадан бир кун ўтиб ҳам кадастр ҳужжатларини тақдим эта олмади. Қолаверса, орадан бир кун ўтиб, тадбиркорга юборилган хат мазмунидан “замҳоким” “ер давлатники” деган гаплари ҳақиқатга тўғри келмаслигини билиш қийин эмас.
Инвестор Бедир Ўздемирнинг айтишича, иш электр кабели ўтказиш учун қазиладиган 315 метр майдон билан чекланмайди.
“Қурилиш қоидаларига кўра, бино-иншоотлар электр кабели ўтказилган ердан 5 метр узоқликда қурилиши керак. Демак, корхона нафақат 315 метр майдон, балки ундан ҳам кўпроқ ерни йўқотиб, зарар кўради ва қурилиш учун фойдалана олмайди”, дейди инвестор.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги архитектура бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Анваровнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорнинг 1-иловасига мувофиқ, 110 киловольт кучланишли линия ўтган ердан 20 метр масофада бино-иншоот қуриш белгиланган. Демак, инвесторга тегишли бўлган 315 метр ер қазилиб, кабель ташланиши оқибатида тадбиркор ўз ерининг узунлиги 315, энига 23 метр қисмидан фойдалана олмайди. Бу қонунчиликда келтирилган рақамлар. Хўш, энди кимга ишониш керак, қонунчиликками ёки бугун келиб, эртага кетадиган ҳоким ўринбосарларига?
Бу ҳолат айнан 16-18 май кунлари Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 32-йиллик йиғилиши ўтказилаётган вақтда бўлаётгани бизни анча ҳайратда қолдирди. Бугун дунё молия соҳасининг йирик экспертлари нигоҳи Самарқандга қаратилган. Самарқандда кичкина тадбир ўтказилаётгани йўқ. Бу тадбир мустақиллик даврида иккинчи, янги ҳукумат даврида биринчи бор ўтказиляпти. Бугун Ўзбекистоннинг инвестицион муҳити, иқтисодий имкониятлари муҳокама қилинаётган бир паллада, Пойтахти азимда бир инвесторнинг ҳуқуқлари поймол қилиняпти.
Воқеа жойига бориб, ҳолатни ўрганганимиздан роппа-роса бир кун ўтиб, тадбиркорлар билан яна боғландик. Уларнинг маълум қилишича, ҳокимлик вакиллар қазиш ишларини давом эттириш учун корхонага борган. Тадбиркорлар эса ишчиларни киритмаган. Охир-оқибат ҳоким ўринбосари Иззатилла Зиёвиддинов корхона ҳудудидан фойдаланиш ва зарар кўрган ер учун компенсация тўлаш юзасидан кафолат хати юборган.
Хатда қазиш ишлари қайси асосда ўтказилаётгани айтилиб, қуйидагилар қўшимча қилинган:
“Маълум қиламизки, “Тракторсоз” подстанциясидан “Янги Ўзбекистон” подстанциясигача 110 кВ кучланишдаги электр узатиш тармоғини қуриш объекти бўйича монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
Тортилиши лозим бўлган электр узатиш тармоқлари тасдиқланган лойиҳа чизмаларига асосан Сиз раҳбарлик қилаётган жамиятга ажратилган ер майдони бир қисмидан ўтиши назарда тутилган.Шу муносабат билан Сиздан мазкур электр узатиш тармоқларини ўтказиш мақсадида Сизнинг жамиятингизга тегишли бўлган “профнастил”дан ўрнатилган деворни бошидан охиригача, яъни 330 метр узунликда ва 3 метр кенгликка тенг бўлган ер майдонини бўшатиб беришингизни сўраймиз.
Мазкур электр кабеллари тортилиши жараёнида бузилишга тушадиган бино- иншоотларингиз ҳамда Сиз томонингиздан бўшатиб берилган ер майдони қисмларига ўрнатилган тартибда компенсация маблағлари ажратиш, ҳамда деворингизни кўчириш ишларини ўз кучимиз билан амалга оширишга кафолат берамиз”.
Бир кун аввал қазилаётган ер тадбиркорники эмаслигини айтиб, зўрлик билан ҳудудга экскаватор киритган “замҳоким”, бугун ўз қўли билан тадбиркорга тегишли ерда қазиш ишлари олиб бориш ва компенсация тўлаб бериш ҳақидаги хатни имзолаган.
Тадбиркорга юборилган хатни эътибор билан ўқисангиз, унда қачон ва қандай тартибда компенсация маблағлари тўлаб берилиши айтилмаган. Қолаверса, қурилиш бўйича мутахассис бўлган ҳоким ўринбосари QALAMPIR.UZ камералари қаршисида айтганидек, кабеллар ётқизилган ҳудуднинг 1,5 метр атрофида эмас, балки Вазирлар Маҳкамасининг “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида 20 метр ўтиб бино-иншоот қурилиши мумкинлигини ҳисобга олсак, жаноб “замҳоким” берган хатга 3 метр эмас, 23 метр деб ёзилиши керак эди. Мана сизга қурилиш бўйича ҳоким ўринбосарининг қурилиш меъёрларидан бехабарлиги.
Ҳокимлик вакилларининг кеча айтгани бугунга тўғри келмаслиги ачинарли ҳолат. Ишонч билан қаздираётган ери “тадбиркорники эмас” дейиш, истаган еридан истаганча фойдаланиш, бузиш, қазиш ишларида ер эгасини огоҳлантирмаслик каби хурмача қилиқлар Янги Ўзбекистоннинг айрим янги ҳокиму, уларнинг янги корчалонларига хос.
Юқорида айтганимиздек, куни кеча референдум билан тасдиқлаганимиз – Ўзбекистоннинг янги Конституциясида мулк ҳуқуқи дахлсизлиги аниқ қилиб ёзилган. Бошбошдоқликлар, “ўзим хон – кўланкам майдон” қабилида иш тутишлар давом этаётганига қараганда, Яшнобод ҳокимлигидаги айрим масъуллар Конституцияни очиб ўқиб ҳам кўрмаган.
Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам “олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорлари билан очиқ муҳокамани ташкил этиш, ер участкаси олиб қўйилиши ташаббускори ва кўчмас мулк объектлари мулкдорлари ўртасида тузилган, компенсация миқдори, тури ва бериш муддати назарда тутилган келишувлар ҳисобини юритиш, компенсациялар ўз вақтида ва тўлиқ берилишининг доимий мониторингини олиб бориш, ер участкалари олиб қўйилиши, компенсация берилиши, кўчмас мулк объектлари бузилиши, шунингдек, олиб қўйилган ер участкасида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълумотлар киритиб бориш” кераклиги айтилган.
Ўзбекистонда фуқаролар ёки тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонун бор. Унга амал қиладиган “катталар” Яшнободда етишмаяпти.
LiveБарчаси